Халқаро молия хизматларини жорий этиш банк фаолиятида сифатни оширади
Президентимизнинг Парламентга Мурожаатномасида Марказий банкка 1 февралга қадар банк бўлмаган кредит ташкилотлари тўғрисида қонун лойиҳасини киритиш вазифаси қўйилди. Хўш, қандай ташкилотлар банк бўлмаган ташкилотлар сирасига ва бу билан қандай ўзгариш бўлади?
Банк бўлмаган кредит ташкилотларига микромолия ҳамда микрокредит ташкилотлари, ломбардлар, ипотекани қайта молиялаштириш, шунингдек, факторинг ташкилотлари киради.
Бугунги кунда республикамизда 63 та микрокредит ташкилоти, 64 ломбард фаолият кўрсатади ва уларнинг ярми пойтахтда жойлашган. Вилоятимизда 1 та микрокредит ташкилоти, 2 та ломбард иш олиб бормоқда. Бу эса молиявий хизматлар истеъмолчиларида танлов имконияти даражаси пастлигини, яъни бу бозорда асосий иштирокчилар тижорат банклари эканлигини билдиради.
Вилоятдаги мазкур 3 та нобанк кредит ташкилотининг портфел қолдиғи 1 269 нафар қарздор бўйича 4,2 миллиард сўм, тижорат банкларининг жисмоний шахслар бўйича портфели қолдиғи 219 минг нафардан ортиқроқ қарздорлар бўйича 4,5 триллион сўмдан ортиқроқ эканлигини қиёслаш учун маълумот бўла олади. Бу борадаги қонуннинг қабул қилиниши эса ҳуқуқий шарт-шароитларни мустаҳкамлаш билан биргаликда молия бозорида рақобатнинг, молиявий хизматлар оммабоплиги ва сифатининг ошишида муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, мурожаатномада Ислом тараққиёт банки ва бошқа халқаро молия ташкилотлари экспертларини жалб этган ҳолда ислом молиявий хизматларини жорий этиш бўйича ҳуқуқий базани яратиш борасида ҳам вазифалар белгиланди. Чунки ислом молиявий хизматлари жаҳон молия бозорида юқори суръатларда ўсиб бораётган сектор бўлиб, 2019 йил якунлари бўйича 7 фоиз ўсишга эришиб, дунё бўйича Ислом молияси активлари 2,5 триллион АҚШ долларидан ортган.
Юртимизда Ислом молиявий хизматларига бўлган талаб юқорилиги, ҳуқуқий базанинг яратилиши кўплаб халқаро молия институтларининг молия бозорига фаол кириб келишига ижобий туртки бўлади. Бу ҳам молиявий хизматлар бозорида таклифлар ҳажми ва хилма-хиллиги ҳамда кўрсатиладиган хизматлар сифати ошишига шароит яратади.
Шерзод СУВОНҚУЛОВ,
Марказий банкнинг вилоят бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари.