Хавфсизлик муҳити сайёҳ учун муҳим кайфият

Мазкур концепцияга мувофиқ, вилоят ички ишлар бошқармасида хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ташкил этилди. Вилоятимизга ташриф буюраётган сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида бошқарма таркибида "Туристлар полицияси" фаолияти йўлга қўйилди.
Вилоят ИИБ хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Улуғбек МУРОДОВ билан шу хусусда суҳбатлашдик.
– Бошқарма шахсий таркиби танлов асосида шакллантирилди ва биринчи навбатда, чет тилларни биладиган номзодлар хизматга қабул қилинди, – дейди У.Муродов. – Айни вақтда кўзда тутилган 45 та штат бирлиги тўлиқ жамланди. Бошқарма учун алоҳида бино ажратилиб, инспекторлар транспорт ва алоқа воситалари билан таъминланди. Жумладан, бошқармага ажаратилган 2 та "NEXIA-3" автомобили ва 1 та "ISUZU" русумли автобус зарур технологик воситалар билан жиҳозланди. 

– "Хавфсиз туризм" лойиҳасини амалга ошириш бўйича бошқарма томонидан қандай чора-тадбирлар олиб борилмоқда?
– Биринчи навбатда Самарқанд шаҳридаги туристик объектлар тўлиқ ўрганиб чиқилди. Шунингдек, шаҳарда ички ишлар идораларида тезкорликни ошириш, куч воситаларидан самарали фойдаланиш мақсадида ташкил этилган "Ситуацион марказ"даги геоинформацион харитага зиёратгоҳ ва тарихий обидалар ҳақида маълумотлар киритилмоқда. Самарқанд шаҳрида жойлашган туризм объектлари, тарихий обида ва зиёратгоҳларга 196 кузатув камералари ўрнатилган. Яна 43 та объектга 1 минг 500 дона қўшимча видеокузатув ва қайд этиш мосламаси қўйилади. 
Туристларга республика ҳудудида амал қиладиган қоидалар, рўйхатдан ўтиш ва виза олиш жараёнлари, улар жойлашган масканга яқин бўлган ички ишлар органларига фавқулодда ҳолатларда хабар бериш имкониятларини ичига олган мобил иловани жорий этиш бўйича тегишли вазирлик ва идоралар билан келишув ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, мамлакатимизга кириб келаётган туристлар тўғрисида маълумотлар базасини шакллантириш мақсадида "Е-mehmon" тизимидан фойдаланиш бўйича ҳам шундай жараён давом этмоқда.
– "Туристлар полицияси" фаолияти ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

– Ушбу хизмат сайёҳларга ҳар томонлама кўмаклашиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилди. "Туристлар полицияси" таркибига Самарқанд давлат чет тиллар институти билан ҳамкорликда инглиз, француз, япон, корейс ва бошқа хорижий тилларни пухта ўзлаштирган ҳамда тарихимиз, қадимий обидаларимиз ва миллий қадриятларимиз ҳақида чуқур билимга эга бўлган йигит-қизлар қабул қилинди. Ходимлар зарур алоқа воситалари, тиббиёт қутиси, Самарқанднинг тарихий обида ва маданий объектлари схемаси бўлган кичик харита билан таъминланди.
– Ходимларни хизматга тайёрлаш ва уларнинг соҳага оид билим ва малакаларини ошириш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Бу борада Самарқанд давлат чет тиллар институти билан шартнома имзоланган. Ходимлар Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланган "Tourist police" уч ойлик интенсив ўқув дастури асосида ўқитилмоқда.

Ғолиб АБДУСАЛОМОВ
суҳбатлашди.