Хайр-саховат юракдан қилинади, кўз-кўз учун эмас
Инсон яшар экан, албатта, атрофидагилар билан муомала қилади, алоқа ўрнатади. Бу боғланишсиз инсон жамиятда яшай олмайди. Шу сабабдан уларнинг бир-бирларига эҳтиёжи бўлади.
Кимларнингдир маънавий, иқтисодий, жисмоний ёки бошқа турдаги кўмаги ва ёрдамига муҳтожлик сезасиз. Шу лаҳзаларда инсоннинг қадр-қиммати, кимлиги ва қандайлиги намоён бўлади. Бу ҳолат яқинда юртимизда кузатилган аномал совуқ кунларда яққол сезилди.
Аёзли кунларда аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож, эҳтиёжманд қатламига ёрдам кўрсатиш мақсадида ҳокимликлар, йирик ташкилотлар ва тадбиркорлар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-бош ва кўмир тарқатилди. Синовли кунлардаги бундай хайрли ишлар таҳсинга лойиқ, албатта. Аммо жараённи ижтимоий тармоқларда кенг ёритиш, оммага жар солиш оммалашиб кетгандек назаримда.
Бир танишим шунга ўхшаган ҳолатни айтиб қолди: "Ўғлим биринчи гуруҳ ногирони. Ҳозир катта йигит бўлиб қолган. Кўпчиликнинг олдида ногиронлиги ҳақида гапирилса, кўнглига олиб, хафа бўлади. Яқинда имконияти чекланган фуқаролар ҳолидан хабар олиб юрган бир гуруҳ мутасаддилар уйимизга озиқ-овқат, кийим-кечак олиб келибди. Ўғлим уларнинг олдига чиқмайман, деб туриб олди. Зўрға эсдалик учун суратга тушишга кўндирдим.
Рости, мутасаддиларнинг совуқ кунларда йўқлаб келганидан, ёрдам бераётганидан хурсанд бўлгандик. Лекин ўғлим ўзининг аравачадаги суратини ижтимоий тармоқда кўриб, роса хафа бўлди, йиғлади. Тўғриси, ўзим ҳам ранжидим. Фақат эсдаликка суратга тушамиз, дейишганди. Лекин арзимаган мурувватни оламга жар солишибди. Бизга бунақа сохта мурувват, миннатли нон-ош керак эмас..."
Аслида айтиб қилинган яхшилик миннат. Ахир саховат, хайрли ишлар ҳар бир кишининг дилида бўлади, кўз-кўз қилинмайди.
Халқимизда миннатли ош татимас деган ҳикмат бор. Майли, бу кимгадир ҳисобот учун керакдир, лекин имконияти чекланган, хаста кишиларнинг уйига бирор нарса олиб бориб, унинг рухсатисиз суратга, видеога тушириб, ижтимоий тармоқда тарқатиш орқали кўнгли кемтик инсоннинг дилини оғритиш қанчалик тўғри?
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.