Хитой ва Эрон раҳбарлари ШҲТ саммити доирасида давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин 14-16 сентябрь кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлади.

Президент матбуот котиби Ш.Асадов иштирокида Самарқандда ўтказилган брифингда бу ҳақда маълум қилинди.

Ташриф дастурига мувофиқ Самарқанд шаҳрида олий даражадаги икки томонлама музокаралар бўлиб ўтади.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг таклифига биноан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин 15-16 сентябрь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд шаҳридаги саммити доирасида ташриф билан мамлакатимизда бўлади.

Ўзбекистон ва Россия етакчиларининг музокаралари кун тартибидан стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олган.

Президентимизнинг таклифига биноан Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий ҳам 14-16 сентябрь кунлари расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлади.