Хитойда 75 та тимсоҳ фермадан чиқиб кетди

Ҳодиса мамлакат жанубидаги сув тошқинлари пайтида рўй берган. Улардан саккизтаси ушланган ёки ўлдирилган, қолганлари ташқарида, деб хабар беради BBC News.

Ҳозирча одамларга тимсоҳ ҳужум қилгани ҳақида хабар берилмаган, бироқ расмийлар жанубий Гуандун провинциясидаги қишлоқлар аҳолисига эҳтиёткорликни тавсия қилмоқда.

"Вазият ҳозир назорат остида, бироқ кўп тимсоҳлар қочиб кетишди, бу жуда хавфли", деган маҳаллий фавқулодда хизмат вакили.

Фермада сиам тимсоҳлари боқилган. Уларнинг узунлиги уч метрга ва оғирлиги 75 килограммга етади. Хитойда улар териси ва гўшти учун фермаларда боқилади.

Хитойдаги сув тошқинига бир қанча Осиё мамлакатларига таъсир кўрсатган “Хайкуй” тўфони сабаб бўлмоқда. Хитой жанубида тўфон оқибатида камида етти киши ҳалок бўлган, уч киши бедарак йўқолган.