Хитойдан ким нима билан келди?

Вилоят ҳокимининг ўринбосари О.Ҳамроев бошчилигида тадбиркорлардан иборат делегация жорий йил 23-29 май кунлари Хитой Халқ Республикасининг Шинжон-Уйғур автоном райони ҳамда Шандун провинциясида хизмат сафарида бўлди.

Сафар давомида умумий қиймати 120 миллион долларликдан зиёд дастлабки келишувларга эришилган.

Хусусан, Шинжон-Уйғур автоном райони Урумчи шаҳри партия қўмитаси раисининг ўринбосари – Урумчи шаҳри ҳокими Якуп Пайдулла билан учрашув олиб борилиб, ҳамкорлик алоқаларининг жорий ҳолати ва уни мустаҳкамлаш юзасидан музокаралар ўтказилди.

Тяншан ҳамда Шайбак туманлари раҳбарияти билан учрашувларда Иштихон, Оқдарё ва Нуробод туманларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича музокаралар олиб борилди. Учрашувда иштирок этган расмийлар ҳамда тадбиркорлар учун вилоятнинг инвестицион жозибадорлиги, яратилган қулайликлар ва саноат зоналари юзасидан маълумот берилиб, тақдимотлар қилинган. Шунингдек, тадбиркорлар ўртасида B2B учрашувлар олиб борилиб, ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинган.

Қайд этиш лозимки, делегациямиз Урумчи шаҳридаги ташкил этилганига 300 йилдан ошган коллеж фаолияти билан яқиндан танишди. Чунки, 23 йўналиш бўйича уч мингдан ортиқ ёшлар ҳунар ўрганаётган коллеж билан ҳамкорликда Иштихон ҳамда Нуробод туманларида ҳунар марказлари ташкил этиш ва машинасозлик, электротехника, ахборот коммуникациялари каби йўналишларда ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш режалаштирилмоқда.

- Хитойлик тадбиркорлар билан бизнес учрашувларда Оқдарё туманининг ҳам инвестиция салоҳияти тўғрисидаги тақдимотлар ўтказилиб, инвесторлар мавжуд шарт-шароитлар яқиндан билан таништирилди, - дейди Оқдарё тумани ҳокими Шерзод Қудратов. - Учрашувларда туманимиз ҳудудида амалга ошириш режалаштирилган 5 та лойиҳа бўйича 36 миллион долларлик англашув меморандуми имзоланди. Жумладан, салфетка, гигиена воситалари ва болалар тагликлари ишлаб чиқариш бўйича 12 миллион долларлик, электр ўтказгичлар ва жиҳозлар ишлаб чиқариш бўйича 8 миллион долларлик инвестиция киритишга келишиб олинди. Шунингдек, “Oqdaryo Oltin Tola” МЧЖ вакиллари ва жаҳонга машҳур “Xiamen Jianfa Group LLC” компанияси билан пахтани чуқур қайта ишлаш технологиялари олиб келиш учун 7 миллион долларлик, “Saint Baroque LLC” ва маҳаллий “Ulug Siymo Group” МЧЖ ўртасида гулқоғоз ишлаб чиқариш бўйича 6,5 млн долларлик англашув меморандуми имзоланди. Электр пайвандлаш ускуналари ишлаб чиқаришга ихтисослашган  “Weihai Innovate Intellijent Equipment Co LTD” корхонаси билан 2,5 миллион доллар маблағ киритишга келишиб олинди.

Бундан ташқари, шаҳарда қурилаётган йирик саноат паркида инфратузилма қурилиши, соҳага илғор технологияларни жалб этиш, инновацион ишлаб чиқариш юзасидан фикр алмашилди. Мазкур саноат парки билан ҳамкорликда Нуробод туманида “Xinjiang Urumqi New Vision Development Co., Ltd” компанияси томонидан “Нуробод технопарки”ни ташкил этиш режалаштириляпти.

Жинан шаҳридаги саноат кўргазмаси ҳам вилоятимиз делегацияси учун манфаатли бўлди, дейиш мумкин. Кўргазмада ҳудудда ишлаб чиқарилаётган енгил саноат, қишлоқ хўжалиги, йўл қурилиш техникалари ҳамда замонавий IT технологиялари билан танишилиб, вилоятимизда ҳамкорликда янги ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш истиқболлари муҳокама этилди.

Шандун кичик ва ўрта корхоналарининг вилоятимиз тадбиркорлари билан ҳамкорлик форумида хитойлик ишбилармонлар учун инвестиция салоҳиятимиз ҳақида маълумот берилиб, тақдимотлар қилинди.

Форум якунида икки томонлама манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш доирасида В2В учрашув ташкил этилиб, ўзбек ва хитой тадбиркорлари ўртасида музокаралар олиб борилди. Муҳими, провинциядаги тадбиркорлар билан савдони ривожлантириш ва хизмат кўрсатиш юзасидан алоқа ўрнатиш мақсадида вилоятимизнинг ваколатхонасини ташкил этиш бўйича келишув имзоланди.

Дарвоқе, Шандун провинцияси Зибо шаҳрида бўлиб ўтган халқаро кўргазмада қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, кимё, фармацевтика, электротехника каби йўналишларда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар билан танишган вилоятимиз делегацияси хитойлик тадбиркорлар ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ҳамда биргаликда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан музокаралар ўтказди.

Шаҳардаги “Yu Sheng Group” компаниясига бориб, корхона фаолияти, технологик жараён ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турлари билан танишилди. Ушбу компания керамик плита ва фасад маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича Шандун провинциясидаги энг йирик ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланади.

Корхона раҳбарияти билан учрашувда вилоятимизда мавжуд табиий ресурслар, жумладан, каолин хомашёси захиралари ҳақида маълумот берилиб, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш таклиф этилди. Ўз навбатида Хитой корхонаси ҳам ҳамкорликка қизиқиш билдириб, июнь-июль ойларида вилоятимизга келиши ва ҳамкорлик таклифларини батафсил ўрганиб чиқишга келишиб олинди.

Ё.МАРҚАЕВ тайёрлади.