Хитойдан Ўзбекистонга навбатдаги инсонпарварлик ёрдами келди

Хитой Халқ Республикаси мамлакатимизга навбатдаги инсонпарварлик ёрдамини жўнатди. Хитой ҳарбий авиацияси томонидан Тошкент халқаро аэропортига олиб келинган тиббиёт воситалари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги мутасаддилари томонидан қабул қилиб олинди, деб хабар берди ЎзА.

Коронавирус пандемияси шароитида дунё ҳамжамиятида дўстона алоқалар, хайрихоҳлик муносабатлари янада чуқурроқ илдиз отмоқда. Хитой Халқ Республикаси томонидан Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига тақдим этилган беғараз ёрдам ҳам ана шу фикрнинг яна бир исботидир.

Хитой ҳарбий самолёти бортида жами 2,5 тоннага яқин 13 турдаги тиббиёт воситалари олиб келинди. Улар асосан юқумли касалликлардан ҳимояловчи тиббиёт ниқоблари, кўзойнаклар, махсус кийимлар, масофадан туриб тана ҳароратини ўлчовчи термометр, дезинфекцияловчи аппарат каби энг зарур буюм ва воситалардан ташкил топган.

Мазкур инсонпарварлик ёрдамини топшириш маросимида Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Цзянь Янь, Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги ҳарбий атташеси, катта полковник Сюй Чанчжи йилдан-йилга ривожланиб бораётган Ўзбекистон–Хитой алоқалари биринчи навбатда икки давлат раҳбарларининг олий даражадаги учрашувларининг самараси эканини таъкидлади.

– Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги халқаро ҳамкорлик ҳозирги эпидемия даврида икки халқнинг бир-бирига ўзаро кўмак беришга доим тайёрлигини кўрсатди, – деди Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Цзянь Янь хоним. – Улуғ мутафаккир Алишер Навоий айтганидек, дўстинг узоқда бўлса ҳам, кўнгли яқин бўлади. Таъкидлаш керакки, икки мамлакат ўртасида барча жабҳаларда ҳар томонлама мустаҳкам, дўстона алоқалар йўлга қўйилган. Биз биргаликда, албатта, бу вирус устидан ғалаба қозонамиз.