Хитойликлар Самарқанд ҳақида фильм тайёрлади

Меҳмонлар диққатга сазовор бўлган тарихий иншоотлар, деҳқон бозорлари, Самарқанд нонлари, ҳунармандчилик, сайёҳлик салоҳияти, халқимизнинг урф-одат ва анъаналари ҳамда тарихий-маданий мероси ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильмни суратга олди. 12 кишидан иборат ижодий гуруҳ туристик шаҳарнинг кўча ва хиёбонлари, тунги чироқлар, турфа хил фавворалар ҳамда миллий маҳсулотлари билан танишди.

– Икки давлат ўртасида барча соҳада ўзаро дўстона муносабатлар мустаҳкамланиб бормоқда, – дейди Хитой марказий телевидениеси режиссёри Пань Нин. – Ўзбекистон, айниқса, Самарқанднинг бой тарихий меросига бўлган қизиқишимиз янада ортди. Юртингизда туризм истиқболини таъминлашга хизмат қиладиган ишлар амалга оширилаётгани кўриб жуда қувондик. Мамлакатингиздаги ривожланиш, бетакрор гўзаллик ва миллий урф-одатлар бугун барча сайёҳларни ҳайратини оширмоқда.

Абдужаббор ПЎЛАТОВ.