Хизмат кўрсатиш соҳасида энг юқори кўрсаткичга эга ҳудудлар маълум қилинди
Ярим йилда вилоятда бозор хизматлари ҳажми 16 триллион сўмга етган.
Вилоят статистика бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Толиб Сиддиқовнинг журналистларга маълум қилишича, олти ойда Самарқанд вилоятида кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 16 триллион сўмдан ошган ва унда савдо хизматларининг улуши 26,1 фоизни ташкил қилган.
Шунингдек, алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари 797,6 миллиард, таълим соҳасидаги хизматлар 868,8 миллиард, яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар 126,3 миллиард сўмни ташкил этган. Соғлиқни сақлаш соҳасидаги хизматлар кўрсаткичи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 123,4 фоизга ўсиб, 98,9 миллиард сўмга етган.
Хизматлар соҳасининг ўсиш суръатида Оқдарё тумани етакчилик қилмоқда (2023 йил якуни бўйича 121,9 фоизга ўсган). Ундан кейин Тойлоқ тумани (121,7 фоиз), Самарқанд шаҳри (115,7 фоиз), Булунғур тумани (114,4 фоиз) турибди.