Хорижда одамларга қандай муносабатда бўлишади, бизда-чи? Инсонга эътибор йилида баландпарвоз гаплар керак эмас

Малайзияга саёҳатга борган юртдошларимиз ўша юрт одамларининг асабийлашмаслигини айтганида лол қолдим. Америкада туққан ўзбек аёлига туғруқхонада бепул ҳалол таомлар беришгани, туғруқхона маъмурияти чақалоқнинг қулоғига азон айтиши учун имом чақиришгани ҳақида ўқиганимда ҳаяжонга тушдим.

Япониянинг чекка ҳудудида истиқомат қиладиган биргина ўқувчи қиз учун поезд қатнови тўхтатилмаганини ўқиб, наҳотки хорижда инсон қадри шунчалар баланд бўлса, дедим.

Мамлакатимизда 2023 йилнинг “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб номланиши ортида ҳам аслида инсон қадр-қимматини ҳурмат қилиш ҳар бир бошқарув органининг бурчи экани, ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолмаслиги, ҳар бир мурожаат ортида инсон борлиги мужассам.

Бу йилги қиш фаслининг аномал келиши ортидан электр тармоқлари ва ҳудудий газ корхоналарига мурожаатлар ортиб кетди. Ҳатто шаҳар жойларида ҳам уйини иситолмаган аҳоли совуқда жуда қийналди.

Инсонга эътибор йилида, аввало, аҳолининг кундалик ҳаётидаги эҳтиёжлари тўла-тўкис бажарилиши, яшаш шароити яхшиланиши лозим. Малайзияликларнинг асабийлашмаслигининг сабаби, уларда муаммо йўқ экан. Табиийки, муаммоси йўқ инсон асабийлашмайди. Бизда эса кўчага чиқишдан муаммога дуч келасиз. Масалан, аномал совуқ ортидан шаҳар кўчаларида автобуслар камайди. Аслида кўпайиши керак эмасмиди? Шунингдек, автомашиналарга ёқилғи қуйиш шохобчаларида газ, бензин соатли берила бошланди. Натижада таксилар йўл ҳақини икки баравар ошириб юборди.

Бир томондан автобус йўқ, иккинчи томондан таксилар қимматлиги аҳолига оғирлик қилди.

Хорижда ишлаб ёки ўқиб келаётган ёшлар юртимизда яшашни истамаётгани, яна чет элга қайтиб кетаётгани ортида ҳам биздаги шарт-шароитнинг яхши эмаслиги сабаб бўлмоқда. Масалан, қишлоқ жойларда кўпчилик ёшлар Россияга ишлаш учун кетган. Уларнинг баъзилари ўн-ўн беш йилдан буён ўша юртда яшаяпти. Қишлоқда данғиллама ҳовли-жойи, автомашинаси, яшаш учун етарли шарт-шароити бўлса-да, электр, газ муаммоси сабаб уйига қайтишни истамаяпти. Бунинг устига қишлоқда иш йўқлиги ҳам ёшларнинг хорижга чиқиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Бугун ҳукуматимиз олдида турган улкан муаммолардан бири – ишсизликка қарши курашиш. Тўғри, бу борада маълум ишлар қилиняпти. Масалан, биринчи экиндан бўшаган ерлар ишсиз аҳоли қатламига фойдаланиш учун бериляпти, баъзилар касбга ўқитиляпти, айримларга субсидия асосида иш қуроллари олиб бериляпти ва ҳоказо. Аммо, бу ҳаракатлар ҳам ишсизликни камайтира олгани йўқ.  

Инсонга эътибор имтиёз эмас, аслида масъулиятдир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев одамларни рози қилиш ҳақида кўп гапиради. Одамларни рози қилиш учун ҳар бир соҳа вакили виждонан меҳнат қилиши, қўлидаги бор имкониятини ишга солиб, аҳолининг турмуши фаровон бўлишига ҳисса қўшиши лозим. Ҳар ким ўз касбига масъулият билан ёндашса, одамларнинг оғирини енгил қилишга ҳаракат қилса, муаммолар ўз-ўзидан ечим топади.

Аслида инсонга эътибор ҳар куни бажарилиши керак бўлган масъулиятдир. Масалан, хорижий мамлакатларда шифокорга мурожаат қилмоқчи бўлсангиз, аввал қабулига ёзиласиз. Ҳуқуқшунос маслаҳати керак бўлса, қабулига ёзилиб, келишилган вақтда боришингиз керак. Бошқа ташкилотларга ҳам раҳбарнинг қабул кунида беришингиз талаб этилади. Бунда сиз вақт йўқотмайсиз, ҳам борадиган манзилингизда сизни кутишади.  Хўш, бизда-чи?

Яқинда бир танишим айтиб қолди: “Самарқанддаги (номини келтирмадик) олий таълим муассасаси ректорига яқинлашиб бўлмас экан. Бир неча бор учрашмоқчи бўлдим, аммо атрофидагилар йўлатишмади”. Савол туғилади, ректор фуқароларни қабул қилмайдими? Масалан, ректорга мурожаат қилмоқчи бўлган талабанинг ота-онаси нима қилади? Ёки бошқа масалада келганлар дардини айтолмасдан кетадими? Балки ректорлар ҳам сайёр қабул ўтказиши керакдир?

Инсонга эътибор йилида баландпарвоз гаплар эмас, оддий инсонга эътиборни кўрсатиб беришимиз керак. Масалан, хорижда меҳмонхонада менежер бўлиб ишлайдиган дугонам айтиб қолди: “Биз ҳар бир келган меҳмонни қачон уйқудан туриши, нонуштага нима истеъмол қилиши, севимли машғулоти, қандай хонада туришни исташи каби маълумотларни ўзимиз учун йиғамиз. Ўша меҳмон ўн йилдан кейин меҳмонхонамизга келса ҳам у ҳақдаги маълумотлар орқали сифатли хизмат кўрсатишга ҳаракат қиламиз”. Кечирасиз, бизнинг қайси меҳмонхонамизда шундай хизмат бор? Тўғри, туризмни ривожлантириш бўйича кўп саъй-ҳаракатлар қилиняпти, аммо ҳали бу даражада хизмат кўрсатиш йўлга қўйилмаган. Бизда, ҳатто жаҳон стандартига жавоб берадиган меҳмонхона хизматчилари йўқ экан. Яқинда эшитиб қолдим, баъзи тўрт, беш юлдузли янги меҳмонхоналаримизга чет элдан ишчи олиб келишаётганмиш. 

Яна бир гап. Биласиз, бизда Жанубий Кореяга ишлаш учун кетадиган ёшлар талайгина. Жанубий Корея давлатига ишга кетадиганлар тўлдирадиган анкетада “Намоз ўқийсизми?” деган жойи бор экан. Агар ишчи “ҳа” деган жавобни белгиласа, унга иш жараёнида беш маҳал ибодати учун рухсат берилар экан. Мана буни инсонга эътибор деса бўлади. Савол туғилади, бизда ишга кирувчилар тўлдирадиган анкетада “Намоз ўқийсизми?” деган пункт борми?

Мулоҳаза ўзингиздан, азизлар.

Хуршида Эрназарова.