Хорижга чиқиш паспорти 10 иш кунида тайёр бўлади
2019 йилнинг 1 январидан хорижга чиқиш учун рухсат ёзуви стикерини (ОВИР) расмийлаштириш тартиб-тамойили бекор қилиниб, хорижга чиқиш учун биометрик паспорт (хорижга чиқиш паспорти) жорий этилди.
Ҳозирги паспортлар билан хорижга 2021 йилгача чиқиш мумкин бўлади. Шу йилнинг 1 январигача расмийлаштирилган стикерлар эса уларда кўрсатилган муддатгача амал қилади. Эндиликда рухсатнома ёзуви стикерлари ўрнига хорижга чиқиш паспорти берилади.
Мазкур паспортнинг рухсатнома ёзуви стикерларидан афзал томони унинг 10 йил муддатга берилишидир. Маълумки, рухсатнома ёзуви стикерлари 2 йилгача амал қиларди. Чет элга тез-тез чиқадиган фуқаролар учун бу ортиқча овворагарчиликларни келтириб чиқарарди.
Хорижга чиқиш паспортини олиш учун тўланадиган давлат божи энг кам иш ҳақининг 120 фоизи (2019 йил 1 январь ҳолатига 243 276 сўм)ни ташкил этади. 16 ёшга етмаганлар ушбу сумманинг 80 фоизини, яъни 162 184 сўм, Ўзбекистонда яшовчи, аммо фуқаролиги бўлмаган шахслар эса ёшидан қатъий назар энг кам иш ҳақининг 100 фоизи (202 730 сўм)ни тўлашлари лозим. Хорижга чиқиш паспортини олиш учун давлат божининг қиймати юқорилиги унинг узоқ муддатга берилиши билан изоҳланган.
Ушбу ҳужжатнинг амал қилиш муддати 1 ёшгача бўлган шахсларга 2 йил, 1 ёшдан 16 ёшгача бўлганларга 5 йил, 16 ёшдан катталарга 10 йил этиб белгиланган. Шунингдек, янги тартиб-қоидага кўра, 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган қизлар билан суҳбат ўтказиш тартиби бекор қилинган ва улар умумий асосда хорижга чиқиш визасини олишлари мумкин. 15 ёшдан 18 ёшгача бўлган фуқаролар хорижга ота-оналари ёки васийларнинг нотариал тасдиқланган рухсати билан ҳамроҳсиз чиқиш ҳуқуқига эга.
Паспорт 10 иш куни давомида тайёрланади.
Хорижга чиқиш биометрик паспортлари тўқ қизил рангда бўлиб, 48 бетдан иборат. Унинг варақларида юртимизнинг тарихий ва архитектура ёдгорликлари акс этган. Паспорт сув белгилари, ранги ўзгарувчи бўёқ, муарли эффект, металлаштирилган кимёвий ип, ламинациялаштирилган плёнка ҳамда паспорт қобиғига жойлаштирилган электрон чипдан иборат.
Самарқанд вилояти ИИБ матбуот хизмати.