Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар яратилган

Конституциянинг 18-моддасига биноан Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.

Шунингдек, 2019 йилда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган. 7 боб, 32 моддани ўз ичига олган қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилган:

Жумладан, гендер сиёсати амалга оширилишини таъминлашга доир вақтинчалик махсус чоралар — жинсларнинг нотенглигини бартараф этиш, хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳақиқий ёки асос бўладиган тенглигини таъминлаш бўйича аниқ мақсадларга эришиш учун давлат органлари томонидан кўриладиган ҳуқуқий, ташкилий ҳамда институциявий хусусиятга эга чора-тадбирлар;

гендер — хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги муносабатларнинг жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан, сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, мафкура ва маданият, таълим ҳамда илм-фан соҳаларида намоён бўладиган ижтимоий жиҳати;

гендер статистикаси — давлат статистикасининг жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳолати тўғрисида ҳар бир жинс бўйича алоҳида кўрсатилган маълумотларни ўз ичига олган, ҳар хил жинсдаги шахсларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг барча соҳаларидаги тегишли ҳолатини акс эттирадиган, гендер муаммоларини ва жамиятдаги муносабатларни ёритадиган қисми;

гендер-ҳуқуқий экспертиза - норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳамда уларнинг лойиҳаларини хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш принципларига мувофиқлиги юзасидан таҳлил қилиш;

жинс бўйича бевосита камситиш — жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини тан олмасликка қаратилган ҳар қандай тарзда фарқлаш, истисно этиш ёки чеклаш, шу жумладан, оилавий ҳолати, ҳомиладорлиги, оилавий мажбуриятлари туфайли камситиш, шунингдек шаҳвоний шилқимлик қилиш, тенг меҳнат ва малака учун ҳар хил ҳақ тўлаш;

жинс бўйича билвосита камситиш — бир жинсдаги шахсларни бошқа жинсдаги шахсларга нисбатан ноқулайроқ ҳолатга тушириб қўядиган вазиятларни, ҳолатларни ёки мезонларни яратиш, шу жумладан, гендер тенгсизликни оммавий ахборот воситалари, таълим, маданият орқали тарғиб этиш, муайян жинсдаги шахслар учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган шарт-шароитлар ёхуд талаблар белгилаш борасида айтиб ўтилган.

Умуман, ушбу қонун билан “Давлат хизмати соҳасида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари”, “Сайлов ҳуқуқларини амалга оширишда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари”, “Иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари” ва “Таълим, илм-фан, маданият ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари” бўйича аниқ ҳуқуқ ва мажбуриятлар белгилаб қўйилган.

Фурқат Аноров,

Бегинч Эшқувватов,

фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьялари.