Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Хотини (ёки эри)га қилинган зулм учун қамоқ жазоси бор экан. Ростми?

Оиладаги зўравонликка гувоҳ, ҳеч бўлмаганда бу ҳақда эшитиб хабардор бўлгансиз. Бунда аксарият ҳолларда аёллар ва болалар жабр кўради. Табиий савол туғилади: оиладаги зўравонликлар ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинганми, бунинг учун жавобгарлик борми?

Бу ҳақда вилоят суди судьяси Отабек Набиев қуйидагиларни сўзлаб берди:

- Оиладаги жиноий зўравонлик деганда оиланинг бир аъзоси томонидан бошқа аъзосига нисбатан жисмоний ёки руҳий таъсир кўрсатиш ёхуд қўллаш билан қўрқитиш орқали унинг ҳаёти, соғлиғи, эркинлигини, жинсий дахлсизлиги, шаъни, қадр-қиммати ва қонун билан муҳофаза қилинадиган бошқа дахлсиз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қилиш орқали ўз ҳукмронлигини ўтказишга қаратилган хатти-ҳаракат ёки ҳаракатсизликни тушуниш лозим.

Улар орасида оиланинг бир аъзоси бошқасига нисбатан зўрлик ишлатиб, содир этадиган жиноятлар кўпчиликни ташкил этади. Шу боис, жорий йил 11 апрель куни “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Мазкур ҳужжат асосида 5 та кодекс ва 11 та қонунга, жумладан Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартиришлар киритилиб, жавобгарлик кучайтирилди.

Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 59-2-модда билан тўлдирилиб, оилавий (маиший) зўравонлик учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилди. Хусусан, хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган мулк, таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва (ёки) меҳнатга оид ҳуқуқни амалга оширишга тўсқинлик қилиш, мол-мулкига ва шахсий ашёларига қасддан шикаст етказиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 10 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Хотинини (эрини), собиқ хотинини (собиқ эрини), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсни ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсни дўппослаш, ушбу шахсларга соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига олиб келмаган қасддан баданга енгил шикаст етказиш БҲМнинг 10 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Жиноят кодекси эса 126-1-модда билан тўлдирилиб, оилавий (маиший) зўравонлик учун жавобгарлик назарда тутилган. Бунда юқорида қайд қилинган ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ҳам содир этилган бўлса, башарти бошқа жиноят аломатлари бўлмаса БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима ёки 160 соатдан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Ушбу модданинг кейинги қисмлари оғирлаштирувчи ҳолатлар учун жавобгарликдан иборат. Мисол учун, хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга содир этилаётган пайтда ҳаёт учун хавфли бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш натижасида кўриш, сўзлаш, эшитиш қобилиятини йўқотишга ёхуд бирон аъзонинг ишдан чиқишига ёки унинг функциялари тамоман йўқолишига, руҳий ҳолатнинг бузилишига ёки соғлиқнинг бошқача тарзда ёмонлашувига, умумий меҳнат қобилиятининг 33 фоизидан кам бўлмаган қисмининг йўқолишига ёки ҳомиланинг тушишига ёхуд баданнинг тузалмайдиган даражада хунуклашишига сабаб бўлса, 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

***

Ушбу мақола Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.