Хусусий бандлик агентликлари иш топишга ёрдам беради

Бугунги кунда кўплаб фуқаролар муносиб иш излаб, хорижга чиқиб кетмоқда, – дейди ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вилоят филиали директори Абдуазиз Ҳафизов. – Чет элда юрган минглаб шахслар таниш-билишлари ёрдамисиз дарров иш топа олишмайди. Ҳатто айримлари иш берувчилар билан меҳнат шартномалари тузиш, иш ҳақларини олиш ва бошқа ҳуқуқий муносабатларни тиклашда қи­йинчиликларга дуч келаётгани сир эмас. Улар билан юз бераётган нохуш ҳодисалар мамлакатимиз раҳбарини ҳам бефарқ қолдирмаяпти. Хорижда иш излаб юрган меҳнат мигрантларининг оғирини енгил қилиш ҳамда уларнинг ҳуқуқий асосда меҳнат қилишига кўмаклашувчи ташкилотларга эҳтиёж сезилди. Шу мақсадда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қошида хусусий бандлик агентликлари тузилади ва мазкур вазирлик томонидан бериладиган лицензия асосида иш олиб борадиган бўлди.

Хусусий бандлик агентликлари хорижда хизмат кўрсатиши учун 50 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағни "Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси"да захира қилиб қўяди. Ушбу маблағ лицензия тугатилса ёки бекор қилинган тақдирда қайтариб берилади. Агентликлар хизмат нархларини мустақил белгилаб олади.

Янги ташкил этилаётган агентликлар юртимизда иш қидираётган шахслар тўғрисидаги ахборотни иш берувчилар ўртасида тарқатиш, иш изловчи ва иш берувчилар ўртасида кўприк вазифасини ўтаб, музокараларда қатнашиб, ўзаро меҳнат шартномалари тузишда кўмаклашади.

Шунингдек, хорижда иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш масаласи бўйича чет эллик шериклар билан ўз ваколатлари доирасида музокара ва суҳбатлар ўтказади. Ўзаро шартнома, битим ва баённомаларнинг лойиҳаларини тайёрлашда ёрдам беради. Мигрантларни давлатда бўлиш тартиб-қоидалари, меҳнат шароитлари, ижтимоий ва уй-жой маиший таъминоти, чет эллик иш берувчилар билан меҳнат шартномаларини тузишнинг ҳуқуқий жиҳатлари ҳақида хабардор қилишни ҳам ўз зиммасига олади.

Қонунда белгиланганидек, хусусий бандлик агентлиги иш қидираётган шахсларга иш танлаш ва ишга жойлашиш бўйича, иш берувчилар учун кадрлар танлаш бўйича хизматлар кўрсатувчи, шунингдек, ишга жойлаштириш соҳасида ахборот ва маслаҳат хизматлари кўрсатувчи тижорат ташкилоти ҳисобланади. Агентликлар юридик ва жисмоний шахслар томонидан ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклда тузилади ва олий маълумотли раҳбарни қўшиб ҳисоблаганда, камида икки нафар ходимга эга бўлиши керак. Агентликлар фаолияти қонуний бўлиб, очиқлик ва шаффофлик таъминланади. Улар давлат органлари, сиёсий партиялар, касаба уюшмалари ва диний ташкилотлар томонидан тузилиши мумкин эмас.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.