Хусусий таълим ва тиббиёт хизматлари учун тадбиркорларга ер бериш соддалаштирилади
Президент иштирокидаги йиғилишда мазкур соҳалар имкониятини тўлиқ ишга солиш учун тадбиркорларга аҳолига яқин, комплекс хизматлар кўрсатиш имкони бор жойлардан ер бериш мумкинлиги таъкидланди.
Шу боис мутасаддиларга бўш ерларни аниқлаб, хусусий тиббиёт ва таълим ташкилотларини ташкил этиш учун фақат ихтисослиги бўйича аукционга чиқариш топширилди.
Йиғилишда IT хизматларининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 3-3,5 фоизга тенг экани, бу борадаги имкониятлар ҳали тўлиқ ишга солинмагани кўрсатиб ўтилди.
Келгуси йилда тармоқда камида 30 фоиз ўсишни таъминлаб, хизматлар ҳажмини 41 триллион сўмга етказиш, экспортни 2 карра ошириш муҳимлиги қайд этилди.