Якка тартибдаги тадбиркорлар қанча солиқ тўлайди?
Ўзбекистон Республикасининг “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунига асосан якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қатъий белгиланган суммалари тасдиқланган.
Солиқ ставкалари Тошкент шаҳри, Нукус шаҳри ва вилоят марказлари бўлган шаҳарлар, бошқа шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари учун алоҳида белгиланган. Масалан, Самарқанд шаҳрида озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари билан чакана савдо қилувчи якка тартибдаги тадбиркор бир ойда 600 000 сўм қатъий белгиланган даромад солиғини тўлайди. Бошқа шаҳарларда 300 000 сўм ва бошқа аҳоли пунктлари учун 200 000 сўм этиб белгиланган.
Деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан савдо қиладиган ЯТТ Самарқанд шаҳрида 150 000 сўм, бошқа шаҳарларда 100 000 сўм ва бошқа аҳоли пунктларида 50 000 минг сўм қатъий белгиланган даромад солиғини тўлайди.
Газеталар, журналлар ва китоб маҳсулотлари савдоси учун ҳудудга қараб, мос равишда 150 000 сўм, 100 000 сўм ва 50 000 сўм этиб белгиланган.
Маиший хизматлар кўрсатиш, қадоқлаш ускуналаридан фойдаланган ҳолда уй шароитида миллий ширинликлар, ўз маҳсулотларини, шунингдек, доналаб сотиладиган таомларнинг айрим турларини тайёрлаш ва сотиш, болалар ўйин автоматлари ва бошқа фаолият турлари учун қатъий белгиланган даромад солиғининг бир ойлик суммаси ҳудудга қараб, 150 000 сўм, 100 000 сўм ва 50 000 сўмни ташкил этади.
Автомобиль транспортида юк ташиш хизматлари бўйича икки тоифада ставка мавжуд. Хусусан, 3 тоннагача юк кўтариш қувватига эга юк автомобиллари учун бу мамлакатимизнинг барча ҳудудлари учун бир хил – 150 000 сўм ва 3 тоннадан ортиқ юк кўтариш қувватига эга юк автомобилларига 225 000 сўм этиб белгиланган.
Умид АЛИМОВ,
Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати ходими.