Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Яна дарсликлар ҳақида ёхуд она тили ўқитишда матн яратиш, адабиётда матн устида ишлаш қачон асосий ўринга чиқади?

Мактаб дарсликлари илмий-мантиқий мукаммал, услуб жиҳатидан қулай ва энг асосийси, иқтисодий самарали бўлиши лозим. Лекин дарсликларимиз бу талабга жавоб беряптими? Масалан, она тили ва адабиёт дарсликлари бу талабларга етарлича жавоб бера олмаётгани тез-тез таъкидланмоқда.

Эндиликда улардаги нуқсон ва камчиликларни бартараф қилиш ёки шу кунгача бўлгани каби қаерларинидир бошқачароқ ёзиб чиқиш билан иш битмайди. Дарсликларимизнинг мазмун ва ҳажмини белгилашда жуда кўп нарсаларни дунёнинг бугунги иқтисодий тилида ифодалашимизга тўғри келади. Ана шундагина улар ҳаётий эҳтиёжга айланади.

Адабиёт қалб меъмори сифатида бадиий мантларсиз яшай олмайди. Таълимда шарҳларга шунчалик берилиб кетдикки, ҳатто кўплаб ўринларда бадиий асар матни бир чеккада қолиб кета бошлади. Ғоят кичик ҳажмли “Бемор” ҳикояси учун икки-уч саҳифа атрофида шарҳ... Абдулла Қаҳҳор асарларидаги мухтасарлик олдида, эҳтимол, бу ҳам камлик қилар, аммо болалар учун ҳикоянинг такрор–такрор ўқиш завқи аҳамиятли.

Ёшларимиз онгини асар ҳақидаги хулосалар билан тўддиришдан кўра улар қалбини бадиий матнлар нуридан баҳраманд қилган маъқул. Матни билан етарлича танишмай, у ҳақидаги мақолани ўқиб қўя қолиш – мағиз қолиб, пўчоққа эга бўлишдир. Алишер Навоий “Мантиқут-тайр”нинг ўзини эмас, бугунгидек у ҳақдаги тафсилотларни кўпроқ ўқиганида, айни улуғликка эришиши бошқачароқ кечган бўларди. Чунки бундай шароитда бадиий матн бериши мумкин бўлган ҳақиқий катарсис - муҳаббат ва нафрат, ачиниш ҳаяжони заифлашарди.

Бадиий адабиёт ҳамма вақт ҳам шарҳлашга эҳтиёжманд бўлавермайди. Бувиларимиз эртак айтганида, боболаримиз достон куйлаганларида бунга жуда кўп гувоҳ бўлганмиз. Ҳа, бадиий адабиётни турли даражадаги шарҳлар билан лиқ тўла дарсликлардан эмас, иложи борича бадиий асарларнинг ўзидан, ҳеч бўлмаганда, мажмуалар қамраган матнлар доирасида ўрганган маъқул.

Адабиёт таълимини самарасиз сарҳадлар томон элтувчи омиллардан яна бири ҳажм муаммосидир. Авваллари бир синфда кўпи билан саккиз-ўн ижодкорнинг асарларидан намуналар бериларди. Бу рақам ўн олти-ўн саккиз ва ундан ҳам ошиб кетмоқда. Таълимда кўпни оз-оздан сийлашдан кўра озга мукаммал руҳ беришнинг аҳамияти катта.

Бундан ташқари, ўқув материалларидаги ҳаддан ташқари тиғизлик талай яхши нарсаларни четлаб ўтишимизга ҳам сабаб бўлади. Масалан, Гулханий ижодини ўрганишда бир-икки дарс нима бера олади? Маъжозий ҳикояларнинг масал тўнини кийиб, етакчи мавқе олиб қолиши ва ҳатто асар номини ҳам кўпайтириш (зарб) амали билан алоқадорликда тўғри талқин қилолмаслик ўша тиғизлик туфайли эмасми?

Она тили таълимида ҳам аҳвол кўнгилдагидек эмас. “Грамматика - грамматика учун” қолипидан воз кечиб, “Грамматика - фикрни аниқ ва лўнда ифодалаш учун” шиори асосида фаолият бошлаганимизга анча бўлишига қарамай, назарий ўрганишлар кўлами олдингилардан ошса ошдики, камаймади. Тўғри, айрим дарсликларимизда матн машқларига эътибор қаратилганга яқин ҳолатларга ҳам дуч келдик. Аммо бу эзгу умид қоидабозликлар ўрнида эмас, кўпинча уларнинг ёнидан, асосан, уй вазифаси кўринишида жой олишга уриниб кўрди. Шу тариқа грамматика ўзининг ўқиш ва ёзиш санъати деган азалий мазмунидан жуда узоқлашиб кетди ва назарий ўрганишлар кўлами борган сари ошаверди. Бу ўқувчиларда она тилимиз гўзалликларини чуқур ҳис ва идрок қилиш имкониятларини чеклаб қўйган. Улар билан қиладиган зарур ишларимиз жуда кўп бўлган бир шароитда талай филологик келишувларни ўрганишга вақт сарф қилишдан нима фойда?

Бошланғич синфлардаёқ, ҳали болаларнинг саводи дурустроқ чиқиб улгурмасдан, дастур ва дарсликлар талабига кўра “тагига чизиш”ларни бошлаб юбориш кимга ва нимага керак? Ақл гимнастикаси дейсизми? Ахир, бундай тафаккур машқларини кундалик ҳаётда асқотадиган билим ва кўникмаларни эгаллаш асосида ҳам бемалол бажарса бўлади-ку!

Дунё она тили йўналишидаги дарсликларнинг тамомила янги авлодига эҳтиёж сеза бошлаганига анча бўлди. Асосан ХIX аср ўрталарида оммалаша бошлаган ва икки асрга яқин вақт давомида ўзининг авж нуқтасига кўтарилган грамматизм салтанати инқирозга юз тутмоқда. Янги дарсликлар тарихи пешқадам ўқитувчилар ва маърифат аҳли тасаввурида жонланиб турибди ҳамда юксак эҳтиёж сифатида талай йиллардан бери уларни мафтун қилиб келмоқда. Энди энг илғор тажрибалардан фойдаланилган ҳолда дарсликларнинг бутунлай янги авлоди дунёга келади. Она тили ўқитишда матн яратиш, адабиётда эса матн устида ишлаш асосий ўринга чиқади, жозибали нутқ кўникмаларини шакллантириш ҳаёт дарслиги гўзалликлари билан уйғунлашади ва таълим бугунги имкониятлар қуршовида ўзининг ҳақиқий юксакликларига кўтарилади, дарсликлар инсониятнинг маърифатли чеҳраси сифатида борган сари чирой очаверади.

Илаш Абдиев.