Янги ҳафта давомида айрим ҳудудларга сел келиш хавфи бор

"Ўзгидромет" хабарига кўра, ҳафтанинг биринчи ярмида Ўзбекистон ҳудуди Эрон ҳудудидан келадиган ёзги ҳарорат қийматларига хос бўлган жуда иссиқ ҳаво таъсирида бўлади.

Кўпчилик вилоятларда қуруқ, асосан кам булутли об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат республиканинг тоғли ҳудудларида момақалдироқ билан ёмғир ёғади.

Кундуз кунги ҳаво ҳарорати +32...+35 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларида +38 даражагача кўтарилади, бу ўртача кўп йиллик қийматлардан 5-8 даража кўп. Бироқ бу қийматлар ушбу кунлар учун ҳароратнинг мутлақ максимумидан кам. Энг илиқ йилларда ушбу муддатларда кундузги ҳаво ҳарорати +38...+40 даражагача, жанубда +40...+42 даражагача кўтарилган.

Ҳафта охирида ҳарорат +27...+30 даражагача пасаяди, бундай ҳолат Қозоғистон ҳудудларидан салқин ҳаво кириб келиши билан боғлиқ бўлади.

20-21 майда республиканинг баъзи жойларида шамол 15-20 м/с гача кучайиши кутилмоқда. 17-20 май кунларида республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида ёмғирлар ёғиши ҳисобига сел хавфи бор.