Янги китоб: Темурбек Жаҳонгир

Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида ёзувчи Хайриддин Бегматовнинг ана шу китобининг тақдимоти ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Тошпўлат Тугалов, шоир Хуршид Нуриллаев ва бошқалар сўзга чиқиб, Хайриддин Бегматов ҳаёт йўли, ижоди ҳақида фикр билдирди. Адибнинг Соҳибқирон тарихи ҳақида кўплаб янги ва асосли маълумотлари борлиги ва бу китоб ҳам тарихан, ҳам нсон руҳиятига таъсир қилиши билан аҳамиятли эканлигини таъкидлади.
- Бадиий ижод жамиятда ўзининг қаҳрамонларини яратади, - деди Ф.Тошев. - Бизнинг биринчи оқинларимиз Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош ўғли, Ислом шоир Назар ўғлини ижодларини жамиятдаги жуда катта инқилобий ҳаракат деб биламиз. Чунки, уларнинг таъсирида адабиёт шаклланган, анъаналар авлоддан авлодга ўтган. Нарпайлик ижодкор Хайриддин Бегматовнинг ушбу китоби ҳам ана шу муҳит, ана шу ҳаракатнинг ҳосиласи. Муаллиф мактабда 45 йил она тили ва адабиёт фанидан ўқувчиларга сабоқ бериш билан бирга халқона ва бахшиёна шеърлар ёзган, Машраб ҳақида достон битган.
Тадбирда Хайриддин Бегматов ўз ҳаёт йўли, ижодий фаолияти, асар яралиш тарихи ҳақида сўзлаб берди. Иштирокчиларга асардан парчалар айтиб, ўзининг халқона оҳанглар йўғрилган шеърларидан намуналар ўқиди.
- Соҳибқирон бобомиз ҳақида тўртта роман ёзганман, - деди Х.Бегматов. - Биринчи роман “Темурбек Туркистон амири”, иккинчиси “Темурбек Жаҳонгир ”, учинчиси “Темурбек тор дунё” ва кейингиси “Темурийлар”. Ана шулардан иккитаси нашрдан чиққан. Яна иккитаси  ”Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компаниясида чоп этилмоқда.

Бахтиёр Мустанов.