Янги Конституцияда ўқитувчиларимиз шаъни ва қадр-қиммати ҳимоя қилинади
Самарқанд шаҳридаги Президент мактабида Жиноят ишлари бўйича шаҳар суди раиси О.Пардаев иштирокида «Конституция — ўзимизники», «Коррупция – жамият тараққиёти кушандаси» мавзуларида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда референдум ўтказиш тартиблари тушунтириб берилди. Шунингдек, янги Конституция лойиҳасида халқимизнинг демократия ғояларига, ижтимоий адолат, эркинлик ва тенглик каби қадриятларга содиқлиги ифода этилганлиги, ижтимоий, демократик-ҳуқуқий ва чинакам халқпарвар давлатчилик асосларини яратиш, аҳоли фаровонлигини ошириш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада юксалтириш, ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштиришга муҳим аҳамият қаратилганлиги ҳақида батафсил тушунчалар берилди.
Лойиҳада аҳолининг барча қатламлари, шу жумладан аёллар, нуронийлар, болалар, ёшлар, ногиронлиги бўлган, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар, хориждаги ватандошларимиз, ҳаттоки маҳкумлар – барчасини ҳуқуқ ва манфаатлари ҳисобга олинмоқда.
Таълим-тарбия тизими ва имкониятлари сезиларли даражада кенгайтирилмоқда – илк маротаба таълим ташкилотларида инклюзив таълим ва тарбия ташкил этилиши, олий таълим ташкилотларига академик эркинлик берилиши, танлов асосида давлат ҳисобидан бепул олий маълумот олиш имконияти берилиши, нодавлат таълим ташкилотлари қўллаб-қувватланиши ҳамда, энг муҳими, ўқитувчиларимиз шаъни ва қадр-қиммати ҳимоя қилиниши белгиланаётганлиги ва шу аснода коррупцияга қарши биргаликда курашишлик лозимлиги ва мазкур тоифадаги жиноятларни кўриш амалиёти ва жазо турлари тўғрисида тушунтиришлар берилди.
Зарифа Аҳмедова.