Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Янги Меҳнат кодекси: меҳнат шартномаси, ишдан бўшатиш, таътил, касаллик, ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари. Бу ҳақда нималарни билиш керак?

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилояти филиали ҳамда Yuristkadr лойиҳаси ҳамкорлигида “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос университетида вилоятдаги давлат органлари ва ташкилотлари ҳудудий бошқармалари кадрлар хизмати раҳбар ва ходимлари учун амалий ўқув-семинар ташкил этилди.

Ўқув-семинарда 2023 йилнинг 30 апрелидан кучга кирган янги Меҳнат кодекси, меҳнат шартномасини бекор қилиш, Олий суд Пленумининг 2023 йил 20 ноябрдаги 26-сонли қарори мазмун-моҳияти тегишли моддалари юзасидан батафсил тушунчалар берилди. Унда бошқармалар ва уларнинг ҳудудий бўлимларининг 250 дан зиёд инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлимлари масъуллари иштирок этди. Улар янги Меҳнат кодексида белгиланган меҳнат шартномаси, ишдан бўшатиш, таътил, касаллик, ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари билан боғлиқ масалалар, уларни амалиётда қўллаш тартиблари бўйича ўзаро фикрлашди. 

Семинарда фаол иштирок этган инсон ресурсларини бошқариш бўлими масъул раҳбарларига филиал ҳамда Yuristkadr лойиҳаси раҳбари Саидали Мухторалиев томонидан эсдалик совғалари тақдим этилди. 

- Иштирокчиларда янги меҳнат қонунчилигига бўлган қизиқиш жуда юқори эканлиги мени қувонтирди, - деди Саидали Мухторалиев. - Буни ўзаро савол-жавоблар нақд 4 соат давом этганидан ҳам англаш мумкин. Муҳими, 2022 йил  28 октябрда қабул қилинган 798-сонли қонун билан тасдиқланган янги Меҳнат кодекси 2023 йилнинг 30 апрелидан кучга кирди. У давлат, раҳбар ва ходимлар манфаатларини мувозанатлаш мақсадида индивидуал меҳнат ва ижтимоий муносабатларни тартибга солади. 

Куннинг иккинчи ярмида иштирокчилар учун вилоят мусиқали драма театрида «Лайли ва Мажнун» спектакли намойиш этилди.

Б.Юлдашева,

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилояти филиали инспектори.