Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида янгиликлар бор

Самарқанд шаҳрида янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг мазмун-моҳиятини тушунтириш, унинг ижросини таъминлаш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Семинарда Олий Мажлис Сенати аъзолари Фармон Тошев, Фарҳод Боқиев ва Қонунчилик палатаси депутатлари Ғайрат Абдиев, Бекмирза Эшмирзаев ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди. 

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг ҳажми амалдагисига нисбатан деярли 3 баробар катта бўлиб, 600 га яқин моддани ўз ичига олган. Ҳужжатда индивидуал меҳнат муносабатлари, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқишни назарда тутувчи нормалар қўшилган. Семинарда сенатор ва депутатлар ушбу кодекс лойиҳасини ишлаб чиқиш чоғида 10 дан ортиқ халқаро ташкилот, жумладан, Халқаро меҳнат ташкилотининг қатор конвенциялари, 60 дан зиёд давлат тажрибаси ўрганилгани, Кодекс лойиҳаси Қонунчилик палатасида бир йил давомида чуқур таҳлил этилиб, маромига етказилганини қайд этди. 

- Мазкур кодекс истиқболда кичик бизнес субъектлари ва якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланадиган аҳоли меҳнатини ҳуқуқий тартибга солиш имконини беради, - дейди Сенатнинг Aхборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Фарҳод Боқиев. - Муҳими, расмий ва норасмий тармоқда мавсумий иш билан банд бўлганларнинг меҳнат ҳуқуқларини тартибга солишдаги бўшлиқлар ва қарама-қаршиликларни бартараф этади. Масалан, пандемия шароитида корхона, ташкилот ва идоралар ходимлари масофадан ишлаш тизимига ўтишига тўғри келди. Аммо бундай вазиятда иш берувчи ёки ишчи ходимларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилувчи ёки тартибга солувчи нормалар мавжуд эмаслиги амалиётда бир қатор муаммоларни келтириб чиқарди. Шу каби жараёнларда расмийлаштириш ва ходимлар тоифалари аниқ белгиланган 452-464-моддалар киритилди. Амалдаги Меҳнат кодекси бозор иқтисодиётига ўтиш вақтида қабул қилинган эди. Ўша вақтларда хусусий сектор улуши атиги 21 фоиз бўлган бўлса, ҳозир 83 фоиздан ошган. Шунинг ўзиёқ янги таҳрирдаги Меҳнат кодексини қабул қилиш аҳамиятини юзага чиқаради.  

Янги таҳрирдаги кодексда ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан кучли ҳимоя қилинишга муҳтож шахсларнинг меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солувчи алоҳида боб киритилди. Унда хотин-қизларнинг меҳнат шароитлари, иш берувчи ҳомиладор аёлларга бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида туғруққача парваришлаш учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда қўшимча бўш кунлар бериши шартлиги белгиланди.

Сулаймон Мардиев.