Янги уйнинг эски ташвишлари
Кейинги йилларда аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш, йиллар давомида ўз бошпанасига эга бўлмаган юртдошларимизнинг имтиёзли кредит асосида уй сотиб олишига имконият яратиш мақсадида шаҳар ва қишлоқларимизда янгиланган намунавий лойиҳалар асосида арзон уй-жойлар, кўп қаватли уйлар қурилмоқда.
Аввалгилардан фарқли равишда бу уйларни чўнтаги кўтарган ҳар бир киши эмас, аввало, ҳақиқатдан уй-жойга эҳтиёжманд кишилар олиши зарурлиги белгиланди. Бу борада тегишли низом ва тартиблар ишлаб чиқилди. Туман, шаҳар ҳокимликлари ҳузурида комиссиялар ташкил этилди. Эътиборли жиҳати, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган шахслар учун ажратилган уйларнинг бошланғич тўлови давлат томонидан тўлаб берилмоқда.
Давлатимизнинг бундай инсонпарварлик, бағрикенглик сиёсати туфайли бугун юзлаб, минглаб юртдошларимизнинг ушалмасдек туюлган орзулари амалга ошмоқда. Қалбларидаги армонларга барҳам берилмоқда.
Биргина вилоятимизда 2018 йилда қурилган 2 минг 300 дан ортиқ арзон уй-жойларнинг 251 таси ногиронлиги бўлган, эҳтиёжманд кишиларга берилган.
Бу яхши албатта. Аммо шундоқ ҳам кўнгли ярим кишининг бир олам орзу-умидлар билан эришган уй-жойидан кўнгли тўлмаса, янги уйда кетма-кет муаммо ва камчиликлар чиқаверса, ниятлари сароб бўлиб қолмайдими?
Ваъдалар бажариладими?
Самарқанд тумани ҳокимлигидан олинган маълумотларга кўра, 2018 йили етти массивда 304 оилага мўлжалланган якка тартибдаги ва кўп қаватли арзон уй-жойлар барпо этилган. Уларнинг 12 таси ногиронлиги бўлган шахсларга берилган.
Гулобод массивида 120 хонадонга мўлжаллаб барпо этилган 3 қаватли уйларни кўздан кечириш жараёнида уларнинг аскариятида қурилиш ишлари давом этаётгани, хонадон эгалари ўз уйларига кўчиб ўтмагани гувоҳи бўлдик.
– Кўзим кўрмайди, уй-жойга муҳтожлигим туфайли туман ҳокимлигига мурожаат қилган эдим, – дейди 13-уйда истиқомат қилувчи Малика Облоқулова. – Раҳмат, аризамни қаноатлантириб, кўп қаватли уйдан икки хоналисини ажратишди. Уйнинг бошланғич тўловини ҳомийлар тўлаб берди. Бундан бошим кўкка етди. 2018 йил 10 декабрь куни уйни фойдаланишга топширишди. Газ, сув билан таъминланмагани учун аввалига эътироз билдирдим. Қурилиш корхонаси раҳбарлари “бир ҳафтада ҳаммасини тўғрилаб берамиз”, дейишса, ишонибман. Қарангки, ҳалигача ваъдасини бажиришмади. Ошхона ва ювиниш хоналарида ҳам айрим жиҳозлар, коммуникация тизимлари уланмаган.
Туманнинг Миришкор массивида қурилган намунавий лойиҳадаги уй-жойларда ҳам камчиликлар кам эмас.
– 2018 йил 26 декабрда уйнинг калитини беришди, – дейди массивдаги 7-хонадон соҳибаси Гўзал Жиянова. – Бундан хурсанд бўлиб, янги йилни янги уйда кутиб олишни орзу қилган эдик. Газ, электр, сув таъминоти бўлмагани учун бу ниятимиз амалга ошмади. Тез кунларда қилиб берамиз, деган ваъдага ишониб, ҳужжатларга қўл қўйиб берганимиздан энди афсусдамиз.
Янги массив аҳолисининг кўпчилиги “тез орада битказамиз”, деган ваъдага ишониб, кун санамоқда.
Тойлоқда икки хил манзара
Тойлоқ туманида 2017 йилда 50 та, ўтган йили 85 та арзон уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилган. Жумладан, Боғи чинор маҳалласидаги уйларга кишининг ҳаваси келади. Аҳоли барча қулайликларга эга хонадонларда бахтиёр ҳаёт кечирмоқда. Улар юртимизда амалга оширилаётган кучли ижтимоий сиёсатдан, Президентимизнинг эҳтиёжманд аҳоли қатламига кўрсатаётган эътибор ва ғамхўрлигидан мамнун.
– Уйимизда ҳамма шароит бор, – дейди II гуруҳ ногирони Сабоҳат Ботирова. – Бундай имконият ва қулайликлардан жуда хурсандмиз. Уйнинг бошланғич тўловини ҳокимлик тўлаб бергани биз учун янада қувонарли бўлди. Қолган кредитни йиллар давомида тўлашга кучимиз етади. Шунга қараб ҳаракат қиламиз.
Туманнинг Ўзбекистон маҳалласида эса, афсуски, ўзгача манзара. 34 та уй-жой қурилган массивдаги йўлларни созлаш ишлари якунига етмаган. Айрим ички йўлларда умуман юриб бўлмайди. Ичимлик сув тармоғи тортилмаган.
– Янги уйда яшаётган бўлсак-да, бу ерда ҳали муаммолар жуда кўп, – дейди Феруза Нажимова. – Газ қувурлари тортилган, лекин газ йўқ. Электр чироғининг ҳам тез-тез ўчиб туриши сабаб уйларимиз совиб кетади. Болаларим совуқда касал бўлиб қолмасин, деб уйни кўмир ва электр печи билан иситяпмиз. Сувни ҳам маҳалладаги қишлоқ оилавий поликлиникасидан ташиб келтирамиз.
“Камолот”да муаммолар бор
Пастдарғом туманининг Камолот массивида 2017 йилда 2 сотихли 13 та арзон уй қурилиб, фойдаланишга топширилиши керак эди. Бир неча йилдан буён ижарада яшаб юрган ёш оила бекаси Озода Муродова ҳам 2018 йилни ўз хонадонида кутиб олишини ўйлаб, ич-ичидан севинарди.
– Юртимизда биринчи марта шундай арзон уй-жойлар қурилгани учун ўша йили кўп қурилиш ташкилотлари ишни декабрга қолдирмай бажариб, уйларни ўз эгаларига топширганини телевизорда кўриб ҳаяжоним ортарди, – дейди О.Муродова. – Бизга ҳам яқин кунларда уйимизнинг калитини беришар, деб ўйлардим. Афсуски, массивдаги 13 та уй қурилишини ўз зиммасига олган Самарқанд шаҳридаги “216-сон қурилиш таъмирлаш корхонаси” масъулияти чекланган жамияти қурилишни белгиланган муддатда бажармади. Бир неча марта мурожаатларимиздан кейин қилган иши ҳам сифатсиз бўлди. Тегишли ташкилотлар, ҳокимликка мурожаатларимиздан сўнг 2018 йил январь ойи охиридагина уйга кўчиб кирдик. Шунда ҳам қурилишнинг чала юмушлари бор эди. Ҳалигача уларни тузатиш билан оворамиз. Сифатсиз бўлгани учун бир ой ўтмай сантехника жиҳозлари ишдан чиқди, ўзимиз янгисига алмаштирдик. Энди хоналарга ўрнатилган эшиклар очилса ёпилмайди, ёпилса очилмайди. Ёш ва эҳтиёжманд оилаларга қаратилаётган алоҳида эътибор учун биз давлатимиздан, Президентимиздан миннатдормиз. Лекин зиммасига олган масъулиятни ҳис қилмайдиган, “мендан кетгунча, эгасига етгунча” қабилида иш тутадиган қурувчилар бу ҳаракати билан одамларнинг давлатга бўлган ишончига путур етказаётганини билармикан? Уларнинг бундай ўзбошимчалигига ҳуқуқий баҳо бериладими?
Дарвоқе, уй эгаларининг айтишича, “Камолот”даги уйларни топшириш бўйича далолатномалар ҳалигача расмийлаштирилмаган, улар ҳеч қандай ҳужжатга имзо қўймаган. Бу эса уй-жойларни расмийлаштириш ва коммунал хизматлар учун тўловларни амалга оширишда муаммоларни юзага келтирмоқда.
Сантехника жиҳозларини қурувчи қўйиши керакми ёки харидор?
Пайариқ туманида қурилган айрим уй-жойларда афтидан уй эгаси бу жиҳозларни ўрнатади. Сарбозор маҳалласидаги уйда яшовчи ёлғиз она Дилшода Шариповага икки қаватли 16 хонадонли уйлардан берилганди. Аммо ўрнатилган сантехника жиҳозлари сифатсиз.
- Янги уй учун 143 миллион сўмга шартнома тузиб, бошланғич бадални тўладик, - дейди Д.Шарипова. – Аммо бир кун ҳам яшамасимиздан ўрнатилган сантехника жиҳозлари ишдан чиқди. Бунинг устига айрим жиҳозлар умуман қўйилмаган. Натижада, ўзимиз бозордан газ ва сув жиҳозлари, жўмраклар харид қилдик, ҳаммом учун ўрнатилган иситиш мосламаси, кириш эшиклари сифатсиз. Қурувчи ишни тўлиқ бажармаса бунга ким жавоб беради?
– Уйларни сифатли қуриш ва вақтида топшириш бўйича энг муносиб 11 та қурувчи билан шартнома тузилган, - дейди туман ҳокими ўринбосари Шавкат Тошпўлатов. – Янги уйларни имтиёзли харид қилиш истагини билдирган 450 нафар номзод орасидан туман комиссия аъзолари томонидан ўрганиб чиқилиб, энг муносибларига уйлар берилди. Уй қурилишида сифатсиз жиҳозлардан фойдаланган ва қурилиш меъёрларига амал қилмаган қурувчилар билан тузилган шартномалар бекор қилинади.
Туман ҳокимлиги масъулларининг маълумотларига кўра, уй қурилишида ишлатиладиган эшиклар, фрамуга ойналар ва бошқа асосий турдаги 26 хил маҳсулотни «Қишлоқ қурилиш инвест» масъулияти чекланган жамият шаклидаги инжиниринг компанияси етказиб беради, қурувчи эса уйга шу маҳсулотни ўрнатади.
Агар берилган жиҳозлар билан уй қуриладиган бўлса сифатни ким назорат қилади? Хўш, «Қишлоқ қурилиш инвест» бу масалага ойдинлик киритадими?
“Эҳтиёжманд”ларнинг уйида ижарачилар яшамоқда
Янги уй-жойлар қурилиши, коммуникация тармоқлари тортилиши ва массивлар ободончилиги билан танишиш жараёнида яна бир жиҳат эътиборимизни тортди. Яъни уй-жойга эҳтиёжманд оилалар учун қурилган ва айнан ушбу тоифадаги кишиларга берилган янги уйларнинг айримларида ижарачилар яшамоқда ёки уйлар бўм-бўш турибди.
Мисол учун, Тойлоқ туманида янги қурилган бир нечта хонадонга кирганимизда бу ерда яшовчилар мазкур уйларда пул тўлаб, ижарада туришини айтишди. Пастдарғомда ҳам ана шундай “ижарачилар” бир нечта экан.
Самарқанд шаҳрида 2017 йилда 405 хонадонли 9 та кўп қаватли уй қурилган эди. Бу уйлар шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги комиссия томонидан бир неча минг нафар аризачи орасидан ҳақиқатдан ҳам уй-жойга муҳтож оилаларга тақсимланганди. Афсуски, бугун “Бахтли ҳаёт” деб ном берилган бу маҳалладаги ана шу кўп қаватли уйларда ҳам ижарада турганлар бисёр. Ҳеч ким яшамаётган хонадонлар ҳам бир нечта.
Савол туғилади, ахир бу уйларни олганлар шу пайтгача битта ҳовлида сиқилиб қолган, ижарада яшаётган, бошпанасиз оилалар эмасмиди? Ростдан ҳам шундай бўлса, улар нега ўз ошёнларига келиб ҳаёт кечирмаяпти? Уйини ижарага берадиган одамнинг камида бундан бошқа яна битта ўз уйи бўлиши керак-ку?!
Шу каби саволларни комиссияга берсангиз, ҳар бир уйга талабгорлардан зарур ҳужжатлар тўплангани ва бу ҳужжатлар комиссия аъзолари томонидан кўриб чиқилиб, хулоса берилганини айтади.
Ёки қурилиш ишларини сифатсиз бажарган қурилиш ташкилоти қандай қилиб тендерда ютиб чиқиб, бу жараёнга қўшилди? Ахир тендерда ташкилотнинг қанча айланма маблағи, қандай техникаси борлиги, у ерда кимлар ишлаши каби жиҳатлар ҳисобга олинмайдими? Қурилиш жараёнида-чи? Маблағни қаерга, қандай сарфлаётгани назорат қилинмайдими?
Хуллас, савол ортидан савол юзага келиб, суриштириб бораверсангиз, муаммолар занжирдек тизилади. Масъулиятни зиммасига оладиган ташкилот эса кам – ҳамма бир-бирига ташлайди...
Уйи борнинг – ўйи йўқми?
Бу савол кейинги пайтда кўп такрорланаяпти. Чиндан ҳам, ҳар бир инсон, аввало, ўз уйига эга бўлишни, оиласи, фарзандлари билан бахтли ҳаёт кечиришни истайди. Бахтни ҳам ана шу мезон билан ўлчайди.
Хўш, бу муаммолар қаердан, қандай келиб чиқмоқда? Қандай бартараф этиш мумкин? Ечим борми? Қурувчилар нима дейди?
Барча туманларда қурувчи билан гаплашар эканмиз, улар масала юзасидан муносабат билдиришни истамади. Аммо намунавий арзон уйлар қуриш билан шуғуллаёнувчи корхонаси номини айтмаган, исмини очиқламаган ҳолда мавжуд муаммоларнинг асл сабабларини ошкор этди:
– 18 турдаги асосий маҳсулот «Қишлоқ қурилиш инвест» томонидан берилади. Сифатлими, сифатсизми, барчаси сертификат билан келади. Мисол учун, уйингизга раковина (қўл ювгич) қўйилди. Сизга бунинг сифати ёқмаса, буни қурилиш корхонаси алмаштириб келмайди. Аҳолининг норози бўлиб, шикоят қилгани фойдасиз. Биз сифатли жиҳоз қўйишни истаган тақдиримизда ҳам буни қила олмаймиз. Борини қўямиз. Шуни ҳам айтиш керакки, қурилиш корхонаси уйда газ, электр энергияси ёки ичимлик суви келтириб бермайди. Бу бўйича шикоятларни нотўғри демайман. Бор гап ва тўғриси, бундай уйда яшаб бўлмайди. Аммо қурилиш корхонаси уй ичидаги шароит ва жиҳозларни ўрнатади, холос. Қолгани бизнинг ишимиз эмас. Коммунал хизматларни ўз вақтида улашни маҳаллий ҳокимлик назорат қилиш керак. Аслида айрим уйларда деворлардаги чизиқлар, ёриқларнинг пайдо бўлиши ҳам шу билан боғлиқ. Уй фойдаланишга топширилишидан олдин деворда пардоз ишлари амалга оширилади. Аммо хонадаги иситиш тизими бўлмагач, ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши ҳам ёриқларга сабаб бўлади.
Афсуски, муаммолар юзасидан вилоят «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компаниясидан изоҳ ололмадик. Аммо мазкур идорада бўлганимизда қатор фуқароларнинг намунавий уйларидаги сифатсизликларда норози бўлиб келишганига гувоҳ бўлдик.
Нафсиламбрини айтаганда, Президентимиз халқимизнинг уй-жойга бўлган жуда катта эҳтиёжини, жойларда юзага келаётган аксарият муаммолар ушбу масала билан боғлиқ эканини ҳар бир чиқишида таъкидлайди. Ушбу жиҳатлар ҳисобга олиниб, шаҳар ва қишлоқларда одамларнинг тўлов имконияти етадиган даражада арзон, имтиёзли кредит асосида бериладиган уй-жойлар қуриш кўлами кенгайиб бормоқда. Бу ишлар бугун ўз самарасини бериб, қисқа вақтда минглаб юртдошларимиз ҳаётида туб ўзгаришлар бўлганини ҳам барчамиз кўриб турибмиз.
Янги уй остонасида ҳаётидан рози бўлиб, севинч кўз ёшлари билан миннатдорлик билдираётган онанинг, ногиронлиги туфайли бошқалар олдида елкасини қисиб юрадиган отанинг ўз уйида болалари эртасидан кўнгли тўлиб турганини ҳеч биримиз бефарқ кузатолмаймиз. Одамларнинг ана шу қувончу шодлигига ҳисса қўшишга ҳар биримиз бурчлимиз-ку! Мамлакатимизда аҳолини уй-жой билан таъминлашдек улуғвор, олижаноб мақсад йўлида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларига ана шу мезон билан муносабатда бўлайлик.
«Зарафшон» газетаси мухбирлари томонидан тайёрланди.