Янги вазир Паст Дарғомдаги уч авлод учрашувида иштирок этди

Туманнинг олис Зафаробод қишлоғида бўлиб ўтган уч авлод вакиллари учрашувида Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазири Турсунхон Худайбергенов ҳамда Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ҳам иштирок этди.
Нуронийлар, ўрта авлод вакиллари ҳамда ёшлар иштирокида уч авлод учрашуви янги ташкил этилган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташаббуси бўлиб, унда турли соҳаларда фидокорона меҳнат қилиб, эл-юрт ҳурматини қозонган нуронийлар, спортчилар, депутатлар, давлат ва жамоат ташкилотлари, миллий маданий марказлар вакиллари, фаол ёшлар иштирок этмоқда.
Ёши улуғ отахон ва онахонлар ўзларининг бой ҳаётий тажрибалари, бугунги кунда фахрийларга кўрсатилаётган эътибор, мустақиллик берган имкониятлар, юртимизда миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатлик хусусида ўзларининг дил сўзларини билдирдилар. Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт сари дадил одимлари самимий суҳбатлар, мулоқотларнинг асосий мавзуси бўлди.
Тадбирда санъат усталари ижросидаги маданий дастур иштирокчиларга хуш кайфият бағишлади.
Дорбоз, кўпкари, кураш каби миллийлигимиз ўзида мужассам этган спорт ўйинлари ташкил этилди.