Янги йил арчасини қандай безатиш керак?

Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бу борада хавфсизликка жиддий эътибор бериш зарурлигини эслатди.

"Янги йил арчасини уй шароитида хона ичига ўрнатаётганда уни бемалол кўчириш мумкинлигига ва эшикларни тўсиб қўймаслигига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Aрчани тез ёнувчан ўйинчоқлар билан безатиш, унинг пастки қисмини пахта билан қоплаш, ёғочни ёнувчи шамлар билан безатиш асло мумкин эмас", дейилади эслатмада.

Мазкур қоидалар табиий, шу билан бирга пластикдан ясалган (сунъий) арчаларга ҳам бирдек тегишли ҳисобланади. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, пластикдан ясалган (сунъий) арчалар ёнганда ўзидан жуда зарарли моддалар чиқаради. Ёниб турган пластмасса томчиси инсон терисига тушса, ҳатто чўғ бўлган кўмирдан кўра кўпроқ зиён етказиши мумкин.

Байрамдан кейин арчани иложи борича тезроқ йиғиб олиш керак. Пластикдан ясалган (сунъий) арчани кейинги байрамгача хавфсизроқ жойга олиб қўйиш, табиий арчани эса уй ичидан олиб чиқиш мақсадга мувофиқ. Сабаби, қуриган дарахт тез ёниб кетиш хавфи бор.

Электр токида ишловчи ўйинчоқлар билан фойдаланганда (гирляндалар) албатта синчиклаб текшириш керак. Биринчи навбатда, уларнинг изоляциясига эътибор қаратиш зарур. Шунингдек, бундай турдаги ўйинчоқлар тегишли сертификатга эга эканлигига ишонч ҳосил қилиш лозим. Aгар уларнинг яроқлилик муддати ўтиб кетган бўлса, у ҳолда бу ўйинчоқлар инсон саломатлигига хавф туғдиради.

Кўпчилик Янги йил байрамига мушаклар ва бошқа пиротехника воситаларини харид қилишни истайди. Aммо пиротехника воситаларидан фойдаланиш нафақат ёнғинни келтириб чиқаради, балки оғир жароҳатларга ҳам сабаб бўлади.

"Янги йил байрамида ўзингиз ва яқинларингизни, айниқса болаларни турли кўнгилсиз ҳодисалардан асраш мақсадида хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишингизни сўраймиз", дея тавсия беради вилоят ФВБ.