Янги йил томошалари авжида
Самарқанд шаҳридаги вилоят мусиқали драма театри биноси ёнидаги арча атрофида байрам томошалари айни авжида. Баландлиги 26 метрни ташкил қиладиган Янги йил арчаси шаҳардаги энг чиройли безатилган арчадир.
Шундай Янги йил арчалари Кўксарой майдонида, Темир йўл вокзали ҳудудида, Сартепа маскани, Сўлим, Кимёгарлар, Фарҳод шаҳарчаларида ҳам ўрнатилиб, аҳолига байрам дастурлари тақдим этилмоқда.
– Янги йил тадбирлари вилоятимизнинг барча туман марказларида кўтаринки руҳда ўтказилмоқда, – дейди вилоят маданият бошқармаси бўлим бошлиғи Абдунаби Тўхтаев. – Маданият ва аҳоли дам олиш марказлари томонидан театрлаштирилган томошалар вилоятимизнинг барча туманларида уч сеансдан ўтказилиб, байрам тантаналарида халқимиз севган санъаткорлар иштирокидаги концерт дастурлари намойиш этилмоқда. Шунингдек, вилоятимиздаги меҳрибонлик уйлари, мурувват ва саховат уйларида Янги йилга бағишланган маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Байрам арчаси атрофидаги Янги йил томошалари 2018 йилнинг 5-10 январига қадар давом этади.