Японияга нималар экспорт қилишимиз мумкин?
Мамлакатимизда Япония инвестицияси иштирокидаги 10 та ва 1 та тўлиқ япон капиталидаги корхона фаолият юритяпти.
Корхоналар асосан нефтгаз, нефткимё ва кимё соҳалари, энергетика ускуналари, машинасозлик ва машинатехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш, транспорт-логистика хизматлари кўрсатиш, савдо, туризм ва бошқа соҳаларга тўғри келади.
БМТнинг статистика бюроси маълумотларига кўра, 2016 йилда Япониянинг жами импорти 606,9 миллиард долларни ташкил қилган. Аҳамиятлиси, Япония импортининг 25 миллион долларга яқини Ўзбекистон ҳисобига тўғри келади. Ушбу маҳсулотларнинг асосий қисмини нефть ва нефткимё, енгил саноат, озиқ-овқат, электротехника ва металлургия маҳсулотлари ташкил этади.
Хўш, биз-чи? Биз Японияга қандай маҳсулотларни экспорт қилсак самара беради?
Ўтказилган таҳлилларга кўра, Япония бозорига маҳаллий маҳсулотларни экспорт қилишни кенгайтириш имкониятлари мавжуд. Ўрганишларга кўра, Япония бозорига енгил саноат маҳсулотларини 530 миллион долларгача, кимё ва нефткимё саноатида 450, металлургияда 230, озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини 210 миллион долларга етказишимиз мумкин. Бунинг учун ишлаб чиқаришни кенгайтириб, кучли маркетингни йўлга қўйишимиз, миллий маҳсулотларимизни намойиш этувчи кўргазма-ярмаркалар ташкил этиб, тадбиркорлар иштирокини таъминлаш, шунингдек, Токио шаҳрида доимий ишлайдиган савдо уйлари ва шоу-румлари ташкил этишимиз лозим. Маҳсулотларимизнинг рақобатбардошлигини ошириб уларнинг таннархини пасайтиришимиз ҳам экспорт салоҳиятимизни оширишга ёрдам беради.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Японияда импорт қилинадиган қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотлари, жумладан, товуқ гўшти ва тухумнинг қадоғи ва маркировкасига жуда кучли санитар ва техник талаблар ўрнатилган. Бунда асосий эътибор маҳсулотнинг сифат кўрсаткичларига, хусусан, экологик софлиги, компонентлар миқдори, озуқавий хусусиятларига қаратилади. Мамлакатга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари олиб кирилаётгандаги умумий талаб карантин хизматларини маҳсулот олиб кирилаётганлиги тўғрисида олдиндан огоҳлантириш, текширувдан ўтиш ва импорт карантин сертификатини олиш ҳисобланади.
Ў.ХУДОЙБЕРДИЕВ тайёрлади.