Японлардан яна бир ихтиро: PaPeRo ҳамкор, ёрдамчи робот

Япония ўн йиллар давомида технология, хусусан, электроника соҳасида дунёда етакчи ўринни эгаллаб келмоқда. Ва у буни COVID-19 пандемияси даврида яна бир бор исботлади.

Жумладан, пандемиядан олдин ушбу япон стартапи аэропортларда сайёҳларга ёрдам бериш учун таржимон-роботларини синовдан ўтказди, аммо лойиҳа айрим жиҳатдан номақбул дея топилди.

Японлар бу билан тўхтаб қолмади. Бутун дунёда ниқобга эҳтиёж ортгани сабабли Donut Robotics компанияси ақлли ниқоб яратиш мақсадида худди шу дастурий таъминотдан фойдаланишга қарор қилди. Компания мутахассисларининг таъкидлашича, ушбу C-FACE ниқоби интернетга Bluetooth орқали уланадиган дунёда ягона ихтиродир.

- Робот-техника ишлаб чиқарувчи компания сифатида биз нима қилишимиз мумкинлиги ҳақида ўйлардик. Ва смартфонга уланадиган, ижтимоий масофани сақлашга ёрдам берадиган, овозни рақамлаштирадиган ёки таржима қиладиган ниқоб яратиш ғоясини амалиётга татбиқ этишга киришдик, - дейди Donut Robotics бош директори Оно Тайсуке.

Ниқоб қурилмасидаги дастур ўрнатилган микрофон ёрдамида нутқни бир нечта тилларга таржима қилиши, соҳиби овозини кучайтириши ёки эшитилаётган нутқ матнини мониторда ҳавола этиши мумкин.

Пандемия сабабли ёлғиз ёки қариялар уйида яшовчиларни оила аъзолари ва дўстлари йўқлай олмайди. Ва бу уларнинг руҳий ҳолатига таъсир қилиши мумкин, деган қўрқув бор эди. Энди бунга барҳам берилди.  PaPeRo, яъни сунъий интеллект асосида нутқни аниқлай олиш функциясига эга боладек робот қарияларга мулоқот қилишда ёрдам беради. Бу уларга SMS ёки фотосуратлар алмашиш орқали яқинлари билан доим алоқада бўлишга имкон яратади. PaPeRo фаолият кўрсаткичи ўзгаришини аниқлаш орқали саломатликни мониторинг қилишга ёрдам беради.

Фудзиэ шаҳри Японияда биринчилардан бўлиб ушбу схемани пандемия авжига чиққан пайтда синовдан ўтказди. PaPeRo суратга олиши ва уларни узоқдаги қариндошларига юбориши мумкин. Бир куни қариянинг йиқилганини кўрган робот расмини олиб, оиласига юборди. Улар нима юз берганини билиб, бувисини касалхонага олиб боришга муваффақ бўлишди.

PaPeRoнинг яратувчиси, Япониянинг NEC Corporation ахборот технологиялари ва электроника компанияси мутахассислари фикрича, бундай роботлар парадокс бўлса-да, одамларга яқинроқ мулоқот қилишга ўргатиши мумкин.

“Мен онамнинг узоқда яшаётганини ва унга қарашга имкониятим етишмаётганини англаганимдан кейин PaPeRo устида иш бошладим, - дейди PaPeRo ишлаб чиқарувчиси Мацуда Шугухир. - Ёлғиз яшаш ачинарли, шунинг учун одамлар ким биландир мулоқот қилишни хоҳлайди. PaPeRo эса мулоқот қилиш имкониятини тақдим этади – у кун-у тун хизматкор, беминнат ёрдамчи робот.

Г.Холдорова тайёрлади.