Яқин тарих ҳикоялари: Фронт ортидаги фидойилар

Иккинчи жаҳон уруши даврида ҳар биримизнинг бобо ва бувиларимиз фронтда ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган. Улар машъум уруш бошланиши билан душманга қарши курашга отланган.

1941 йилнинг 1 августигача 3 мингдан кўпроқ самарқандлик кўнгиллилар фронтга жўнатишларини сўраб, ҳарбий комиссариатга ариза берган. Илк кунларданоқ фронтга отланганлар орасида Самарқанд шаҳар ёшлар қўмитасининг котиби Р.Каримов, Самарқанд давлат университетининг ректори А.Валиев бошчилигидаги ўнлаб ўқитувчи ва илмий ходимлар бўлган. Шунингдек, шу йили университет бешинчи ҳамда тўртинчи курс талабаларига ҳам дипломлар бир йил олдин берилиб, улар фронтга жўнатилган.

1941 йил 13 сентябрь куни бир гуруҳ кўнгиллилар қаторида эндигина университетни битирган Шароф Рашидов ҳам темирйўл вокзалигача пиёда бориб, вагонларда  Фрунзе (ҳозирги Бишкек) шаҳридаги ҳарбий мактабга жўнаб кетган.

Самарқандликлар нафақат фронтда, балки урушнинг орқасида ҳам қаҳрамонлик кўрсатди. Фашистларга қарши олиб борилган жангларда мардлик ва шижоат кўрсатган юртдошларимиздан 20 мингдан ортиқ киши жанговар орден ва медаллар билан тақдирланди. Улар орасида Қаҳрамон унвонига сазовор бўлганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади.

Иккинчи жаҳон урушининг бошланиши барча қатори архив муассасалари ходимлари фаолиятини ҳам мураккаблаштирди. Улар фронтортида, хизматдан ташқари ишларни бажариш, халқдан йиғилган маблағларни Миллий мудофаа жамғармасига ўтказиш, Самарқандга кўчирилган минглаб оилалар, ўнлаб касалхона ва 8 та меҳрибонлик уйларини жойлаштиришда фаол иштирок этган. Уруш йилида С.Киров номидаги ҳарбий медицина академияси, ҳарбий химия академияси, ҳарбий-денгиз академияси, ҳарбий ветеринария академияси, Ф.Дзержинский номидаги артиллерия академияси, шунингдек, Воронеждаги алоқа ва 2-Харьков танк билим юрти ҳамда авиация мактаблари Самарқандга кўчириб келтирилиб, малакали ҳарбий мутахассислар тайёрлаш билан шуғулланган. Уларга тегишли барча маълумотларни архив фондларига муҳрлаб, республика архив фондини сақлаш ва тўлдириш ишларини давом эттиришди.

Россиянинг Новосибирск шаҳридан “Красний двигатель”, Ленинград ва Одесса шаҳарларидан киноаппаратура заводлари, Полтавадан трикотаж фабрикаси каби 12 та ишлаб чиқариш корхонаси кўчириб келинди. Бу завод ва фабрикалар халқимизнинг фидойилиги туфайли қисқа вақтда ишга туширилиб, мудофаа учун қурол етказиб бера бошлади. Уларни ҳарбий фаолиятга қайта мослаштириш жуда ҳам оғир шароитларда олиб борилди. Фронтга юборилган малакали мутахассислар ўрнида ишлаш учун ёшлар ва хотин-қизлардан янги ишчи кадрлар тайёрланди. Аёллар қисқа муддатда мураккаб касб жараёнларни ўзлаштириб, меҳнат қилишди.

Уруш йилларида хотин-қизларимиз барча соҳаларда ўрнак бўлишди. Айниқса, 1941 йилга келиб узунлиги 4 километр, баландлиги 30 метрдан ортиқ бўлган Каттақўрғон сув омбори қурилишида қандай оғир шароитларда меҳнат қилганликларини вилоят давлат архивида сақланаётган ҳужжатлар ва фотосуратларда кўриш мумкин.

1942 йилнинг январидан бошлаб аёлларимиз кучи билан Самарқандда жойлашган корхоналар томонидан дастлабки маҳсулотлар - кучли прожекторлар, артиллерия стволлари, граната, снаряд, ўқ-дори ва бошқа ҳарбий қурол-аслаҳалар ишлаб чиқарилиб, фронтга жўнатилди. 

Фронтга ёрдам беришни ўз бурчи деб билган самарқандликлар ташаббуслари барча корхона-ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланган ҳолда иш ҳақидан йиғилган пуллар мудофаа фондига ўтказилган. Тўланмай қолган солиқлардан ва заём ҳамда облегациялардан тушган маблағлар ҳам Мудофаага йўналтирилганлиги ўша давр матбуотида кенг ёритиб борилган. Жумладан, “Ургут ҳақиқати” газетасининг 1941 йил 4 июлдаги 47-сонидаги туман молия бўлими мудири Н.Қосимов туман ташкилотлари ишчи-хизматчилари уюшган ҳолда маблағ йиққанлари ҳақида мақола ёзган.

Вилоят давлат архиви 105-фондида сақланаётган ҳужжатларда, Самарқанддаги завод-фабрика ва ташкилотлар ўртасида фронтга маблағ йиғиш бўйича ўзаро мусобақалар ташкил этилгани, жумладан, ичимлик ишлаб чиқарувчи завод ишчилари 2060 рубль пул маблағини фронтга самолётлар етказиб бериш учун йўналтирганлиги тўғрисида маълумотлар бор.

Суронли йиллар давомида 20 га яқин ҳарбий госпиталда 50 мингдан зиёд аскар ва офицерлар даволаниб, яна сафга қайтган. Даволанаётган аскар госпиталнинг ўзида ҳайдовчилик, ҳисобчи, этикдўз каби касбга ўргатиш курсларида ўқитилган. Шунингдек, кўзи ожиз бўлиб қолган аскарларга брайл алифбоси ўргатилган.

Архивларимизда жангларда кўрсатган жасорати учун Қаҳрамон унвонига сазовор бўлган. Қ.Суюнов, О.Қодиров, Э.Қорабаев,  Б.Эргашев, А.Қурбонов, П.Нурмонов каби жангчилар фотосуратлари ва шахсий ҳужжатлари сақланмоқда.

Уруш йилларида фидойилик кўрсатган Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти фахрийлари бугун давлатимиз ва халқимиз эъзозида. Кўрсатган жасоратлари учун уларга  доим таъзимдамиз.

Абдували Маманазаров,

вилоят архив иши ҳудудий бошқармаси бошлиғи.