Яқинда Жомбой туманида юзлаб оилалар янги уйларга кўчиб киради

Жомбой туманининг “Узуновул”, “Бешбола”, “Эски Жомбой” массивларида йирик ҳажмдаги қурилиш-бунёдкорлик ишлари олиб бориляпти. Арзон турар-жой бинолари, тиббиёт ва таълим муассасалари барпо этилмоқда. Бу ҳақда “Жомбой тонги” хабар бермоқда.

Кеча туман ҳокими Умиджон Назаров мутахассислар билан мазкур қурилиш объектларида бўлиб, қурувчилар билан учрашди. Таъмирлаш ишларининг бориши билан яқиндан танишди.

Таъкидлаш керак, Катта қишлоқ маҳалласининг Узуновул массиви мўъжаз шаҳарчани эслатади. Айни пайтда 72 оилага мўлжалланган яна учта кўп қаватли уй қад ростлабди. “Бунёдкор шижоат қурувчи”, “Афсона омад таъмир қурилиш” каби пудрат корхоналари томонидан сўнгги таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Бешбола маҳалласи ҳам “Обод қишлоқ” дастурига киритилган. Шу йилнинг сентябрь ойига қадар 14 та 2 сотихлик (3 хонали) турар-жой биноларини қуриб-битказиш режалаштирилгани айтилди.

– Асосий қурилиш ишлари якунига етди, – дейди “Бунёдкор файз меъмор” корхонаси раҳбари Юсуф Абданов. – Тендерда қатнашиб, саккизта уйни қуриш мажбуриятини олгандик. Ишни ўз вақтида тугаллаш учун бор имкониятимизни сафарбар этганмиз. Яқинда эшик-ромлар ҳам ўрнатилади. Бунинг учун жами 1 миллиард 200 миллион сўм сарф бўляпти. Ҳозирча, 450 миллион сўмга яқин маблағ ҳисоб рақамимизга келиб тушди. Вилоят инжиниринг компанияси қолган маблағни ҳам ажратиб берса, ходимларнинг иш ҳақини вақтида тўлаш имкони бўларди. Бу бўйича туман ҳокими амалий кўмак беришини айтди.

Ҳудудга қарашли 51-умумтаълим мактаби ҳам капитал таъмирга тушган. Бинонинг ички ва ташқи фасадини ранглаш ниҳоясига етказилмоқда. Қишда иссиқликни сақлаш, узоқ вақт ушлаб туриш мақсадида коридор деворлари қалинлаштирилган. 536 ўринга мўлжалланган мактаб янги ўқув йилидан тўлиқ фаолият бошлайди.

Шунингдек, 25-сонли МТМдаги қурилиш ишлари ҳам кўздан кечирилди. 100 ўринга мўлжалланган бинони 1 августда фойдаланишга топшириш мўлжал қилиняпти. “Низамат Эсонтурдиев” қишлоқ врачлик пункти биноси ҳам янгидан барпо этиляпти.

Навбатдаги манзил Эски Жомбой маҳалласи бўлди. Бу ерда ҳам коттеж кўринишидаги 14 та турар-жой биноси қад ростлабди. Қурилиш ишлари “Савлат агро қурилиш” МЧЖ томонидан олиб борилмоқда. Уйлар деярли битган. Ички ва ташқи деворларни таъмирлаш, пардозлаш жараёни кетмоқда.

– Жомбойнинг учта мавзесида қурилаётган бу уйлар ҳадемай ўз эгаларига топширилади, – дейди туман ҳокими ўринбосари Шерали Худоёров. – Мустақиллик байрами арафасида ногиронлиги бор фуқароларнинг 21 нафари, ёшлар иттифоқи тавсия берган икки нафар ёш оила, юзга яқин фуқаролар уйли бўлади. Бу халқимизнинг фаровон турмуш кечиришига хизмат қилади.

Ҳоким соҳада юзага келаётган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга кўрсатма берди.