Ярим тундаги қўнғироқ

Бу воқеа уч кун аввал содир бўлди. Кексаликданми ёки ташқари совуқлигиданми, билмайман, кўзим барвақт илиниб қаттиқ уйқуга кетибман. Уяли телефонимнинг тинимсиз жиринглаганидан уйғониб кетдим.

Қарасам соат 00:58. Телефоним экранида “Азамат газ” деган ёзув чиқиб турибди. Бу рақам эгаси Пахтачи тумани газлаштириш идорасида ишловчи ходим, бир пайтлар мен яшаётган тумандаги Амир Темир маҳалласида газ участкаси нозири эди.

Уйқусираб телефонни қулоғимга тутдим.

- Алло, алло, Жўрақул бува. Аномал совуқ сабаб Марказий газ таъминотида қисқа муддатли носозлик рўй бериб, тармоқда газ кутилмаганда ўчиб олди. Бу аварияни зудлик билан бартараф этдик. Шу сабаб газ печка ёки буғ қозонингиз “горелька”си ўчиб қолган бўлиши мумкинлигидан хавотир олиб, қўнғироқ қиляпман...

Телефондан келаётган бошқа сўзлар қулоғимга кирмади. Дарҳол ташқарига - газхонага отилдим. Чиндан ҳам буғ қозонидан вишиллаб газ чиқиб, газхона газ ҳидига тўлиб кетибди. Бирдан жўмракни ёпдим. Қоидага риоя қилиб, 3-4 дақиқа эшикни очиб қўйиб, печкани ёқмай турдим. Ўғлим, келиним ва набирамни ҳам ярим тунда «тревога» қилиб уйғотдим. Чунки ҳовлидан сасиётган газ ҳиди дераза орқали ичкарига ҳам кирган экан.

Биргалашиб хоналарни шамоллатдик. Хуллас, ярим тунда бироз безовта бўлдиг-у аммо талафот кўрмадик.

Болаларга “Энди хотиржам ухланглар”, дедим-у ўзимнинг кўзимга уйқу келмади. Негадир кўз олдимга огоҳлантиришсиз газ ва электр энергиясининг ўчиб-ёниши, газ босимининг пасайиб-кўтарилиши, ис гази каби ҳолатлар содир бўлиши келди. Бунинг оқибатида одамларнинг турли хилда жабр кўрган, ҳалок бўлган ҳолатларини тасаввур қилиб, танамдан совуқ тер чиқиб кетди.

Ўйлаб қолдим: нега кўп ҳолларда ушбу тизим мутасаддилари газ ва свет ўчирилишидан одамларни вақтида огоҳлантирмайди? Тўғри, айрим пайтларда жиддий узилишлар бўлганда телеграм каналлари орқали эълон беришади. Аммо у билан иш битмайди-да. Бир, икки соат ёки беш-ўн дақиқа ўчиришларда ҳеч бир электр ё газ идораси масъуллари бундан одамларни огоҳ этмайди.

Телефон орқали одамларга биттама-битта айтиб чиқиш мураккаб иш, бунинг уддасидан чиқиш қийин. Лекин бу тармоқ ходимлари, раҳбарлари, шу тизимда ишлаб, рўзғор тебратаётганлар бошидан дўпписини олиб, таъминотда узилиш бўлганда албатта тезкорлик билан бу ҳақда ҳар бир истеъмолчини хабардор қилиш механизмини ишлаб чиқиши шарт. Фикримча, бу уларнинг касбий бурчи!

 

Жўрақул Нарзуллаев,

меҳнат фахрийси.