“Яшил макон”: Ургутда кузги мавсумда 541 минг туп кўчат экилади
- Туманда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий йилнинг баҳор ва куз мавсумларида 1 миллион 345 минг туп мевали ва манзарали дарахт ва бута кўчатлари экилиши режалаштирилган, - дейди туман экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бўлим бошлиғи Бахтиёр Ҳамроев. - Шу йил кўкламда 804 минг 740 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ва буталари экилди. Ҳар бир сектор ҳудудида биттадан арзонлаштирилган кўчат ярмаркалари ташкил этилди. Шунингдек, куз мавсумида 541 минг туп манзарали ва мевали дарахт ва бута кўчатлари экиш режалаштирилиб, тумандаги ташкилотлар кесимида тақсимланган.
Жумладан, туманнинг Қуйи Камангарон маҳалласи “Мерганча” массиви ҳудудида 3,3 гектарда “Яшил боғ”, 1 гектар майдонда “Ҳокимлик боғи” ҳамда ярим гектар ерда “Яшил жамоат парки” ташкил этиш учун ер майдонлари танланиб, кузги мавсум бошидан бери 171 минг 284 та мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди. 1 декабргача яна 370 минг туп дарахт кўчати ўтқазиш режалаштирилган.