Яшилликка кафолат керак: Биз уни ярата оляпмизми?

Ер устидаги ҳақиқий жаннатни асрлар давомида аждодларимиз яратган. Ўзбекистон бағрида ўсаётган наботот оламининг шуҳрати оламга машҳур. Алоҳида гиёҳлар, дарахтлар, мевалар хусусида эса ғуруримиз бундан-да бўлак.
Бироқ замона зайли табиатга муносабатни ўзгартирдими, ҳар қалай, бу мавзу яна биринчи ўринга чиқди. Аниқроқ қилиб айтганда, ота-боболаримиздан қолган боғ яратиш, дарахт экиш, зироатни инсон манфаатига хизмат қилдириш анъанасини унутганимиз боис биз бу ишни қайтадан ташкил этяпмиз. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан янгидан барпо этилаётган маҳалла, шаҳарча, дам олиш масканлари ва боғ-роғларда айнан шу анъаналар талаби ҳисобга олинмоқда.
Хўш, бу талаблар нималардан иборат?
Биринчидан, дарахт ниҳолини қаерга ўтқазишни аниқлаш.
Иккинчидан, ниҳолни суғориш манбасини яратиш.
Учинчидан, ҳудудбоп, унинг табиатига мос дарахт ниҳолини танлаш.
Тўртинчидан, экилган ҳар бир ниҳол учун масъул бириктириш.
Тўғри, ҳар йили кузда ва баҳорда кўчат ўтқазамиз. Самараси ёмон эмас, ҳарнечук эккан ниҳолларимизнинг муайян қисми томир отяпти. Лекин бир қатор муаммолар борки, агар биз уларни бартараф эта олсак, қилаётган ишимиз бундан-да яхши самара бериши шубҳасиз.
Энг аввало, ариқларни тозалашимиз, уларда мунтазам (ҳеч бўлмаганда вақти-вақти билан) сув оқиб туришини таъминлаш, томчилатиб суғориш ускуналарини ўрнатиш, ниҳоллар парвариши учун, албатта, масъуллар бириктириш ва уларни рағбатлантириш чораларини кўриш лозим.
Айримлар ахир бу ота-бобомиздан қолган мерос-ку, дарахт кўкартирганга ҳам пул беришимиз керакми, деб ўйлаши мумкин. Тўғри, уйда, ҳовлисида, ҳовли атрофида, ишхонада дарахт экиб кўкартириш учун бировни рағбатлантириш шарт эмас. Чунки бу қонуний, инсоний бурчимиз. Аслида, ҳар бир оила ўз уйи атрофида керакли ниҳолларни танлаб, ўстирса, ана шу тадбирнинг ўзи ҳам ишимизнинг ярмини ҳал қилади. Катта йўл ёқаларида барпо этилаётган хизмат кўрсатиш шохобчалари эгаларига ҳам шундай масъулиятни юклаш мумкин.
Аҳоли яшайдиган жойлардан узоқ ҳудудларда дарахт ниҳоллари экиш, боғлар барпо қилиш ниҳоятда эҳтиёткорлик ва пухта режа билан амалга оширилиши лозим. Бу борада рақамлар учун шошилиш самара бермайди. Йўл ёқаларида қаровсизликдан қуриб қолган боғ-роғлар, дарахтлар фикримизни исботлаб турибди. Умуман, текин нарса доимо қадрсиз бўлади.
Демоқчиманки, бугун мутахассисларни, кекса боғбонларни, нуронийларни ишга солиб, уларнинг тажрибасидан фойдаланайлик. Аҳоли ўртасида нафақат ниҳол ўтқазиш, балки сувни тежаш, атрофни саранжом-саришта сақлаш юзасидан суҳбатлар ташкил этайлик, ҳашарлар уюштирайлик. Ана шунда тажрибалар оммалашади, одамлар бизга эргашади.
Давлат лойиҳаларида, режаларида “Яшил макон” лойиҳаси бўйича гарчи масъуллар, манзиллар, маблағлар масаласи ечимини топган бўлса-да, улар учун энг муҳими – кафолатни яратишимиз керак. Кафолат, бу – ана шу дастурнинг оқилона, режали бажарилиши, маблағдан самарали фойдаланилиши, ва энг муҳими, экилган ниҳол тақдири учун жавобгарликнинг шаклланиши. Кафолат, бу – ҳар биримизнинг яшиллик яратишга ҳисса қўшишга интилишимиз, кўкарган ниҳоллардан завқланишимиз.
Фармон ТОШЕВ.