Яхши гапнинг гадоси
Байрам куни кечки пайт ишхонамизда тадбир бўлди. Яхши кайфиятда уйга шошилдим. “Ҳайдовчим” (турмуш ўртоғим)ни чақирсам, сайлов муносабати билан у киши ҳам ишда ушланиб қолибди...
Таксига ўтирар эканман, нотаниш ҳайдовчини байрам билан табриклашни унутмадим. “Раҳмат опа, бизни ҳам табрикловчилар бор экан-ку!”, дея хурсанд бўлди таксичи. Сўнг бир йигит чиқди, қулоғида телефонига уланган қулоқчин. Машинага ўтиргандан, то манзилига етгунича бир оғиз ҳам сўз айтмади.
Яна бир ҳамроҳимиз кекса онахон эди. “Шошмасдан ҳайданг, ҳали ўлиш ниятим йўқ”, деб ҳайдовчини огоҳлантирди у. “Ёшларга ҳайронман, ҳовлиққани-ҳовлиққан. Қаёққа бунча шошилишади? Насиҳат қилсанг, ёқтиришмайди”, дея ёзғириб ҳам қўйди. Кейин онахонга машина салонида эшитилаётган мусиқа ҳам ёқмади.
Шундай қилиб йўлимизда давом этдик. Дастлаб талаба йигит тушди. Онахон йўл ҳақини тортиша-тортиша, бироз кам берди. Ниҳоят, манзилимга етиб келиб, машинадан тушар эканман, ҳайдовчига келишилган пулни узатдим. У эса қўлимни қайтарди: “Опа, сиздан пул олмайман. Кўнглимни тоғдай кўтардингиз. Эрталабдан буён бир оғиз яхши сўзга маҳтал эдим...”.
Гулчеҳра БЕРДИЁРОВА.