Етимнинг ҳақини еган ҳеч қачон рўшнолик кўрмайди
"Отам Абдуғаффор Сатторов оилавий шароити қийинлиги сабабли 2004 йил 1 майда маҳалламизда яшовчи Тоҳир Ҳасановдан 505 минг сўм миқдорида қарз олиб, бу ҳақда тилхат ёзиб берган. Онам 2001 йилда оламдан ўтганди, 2005 йилда эса отамдан ҳам ажралиб қолдик. Биз, вояга етмаган беш фарзанд оила ғами, тирикчилик ташвишига кўмилдик. Отамнинг қарзини вақтида қайтаролмадик. Ҳатто яшашимиз қийин бўлиб қолганидан кичик укам Сатторни Самарқанд шаҳридаги SOS болалар маҳалласига топширдик.
Қарз ўз номи билан қарз-да, юки оғир бўлади. Орадан бир неча йил ўтгач, пул тўплаб, отамнинг қарзини узиш учун Т.Ҳасановга олиб борсак, у киши "Отанг менга ўша пул эвазига ер участкасини сотган, менинг номимга ўтказиб ҳам берган", деди. Биз бу гапга ишондик. Отам асаб касалликлари бўйича иккинчи гуруҳ ногирони эди. Давлат томонидан эса ногиронларга солиқ имтиёзлари берилган, шунинг учун ер участкасига солиқ тўламасдик. Бир неча йил олдин солиқ идорасидан отамнинг номидаги ер участкаси учун солиқ тўлаш кераклиги тўғрисида хат келди. Шундан сўнг суриштириб билсак, отам ер участкасини сотмаган, фақат қарзга пул олган, ёзган тилхатида ҳам ер участкаси ҳақида ҳеч қандай гап йўқ. Бу масалада ёрдам сўраганимизда, маҳалла фаоллари йиғилиб, мажлис қилишди. Отамнинг олган қарзини ўша пайтдаги пул қиймати бўйича ҳисоблаб, ҳозирги нархда 15 миллион сўм беришимизни, Т.Ҳасанов эса ер участкасини бизга қайтаришга келишилди. Мол-ҳолимизни сотиб, 15 миллион сўм пул тўплаб, олиб борсак, у киши "45 миллион сўм бермасанг, ер йўқ", дея қатъий жавоб берди…"
Хат мазмуни билан таниша туриб муқаддас китоблардаги етимнинг ҳақига хиёнат қилиш оғир гуноҳлигини уқтирувчи насиҳатлар ёдимизга тушди. Наҳотки Т.Ҳасанов буни англамаган бўлса, деган ўй кечди хаёлимиздан.
Хуллас, тафсилотни жойида ўрганиш мақсадида туман ҳокимлиги масъул вакили ва маҳалла раиси ҳамроҳлигида Тепақишлоқ маҳалласида бўлдик.
Воқеага алоқадор шахслар, хат муаллифи билан учрашиб, фикрларни эшитдик. Тўғриси, улар билан учрашганимизга бир неча ой вақт бўлди, лекин биз қишлоқдошларнинг ўзлари келишиб олар, маҳалла-кўй, ёши улуғ инсонлар уларнинг ўртасига тушиб, барчага овоза қилмасдан низони бартараф этишар, деган умидда эдик. Аммо орадан шунча вақт ўтса ҳамки, ўртадаги ер талашиш, қарз масаласи ҳал бўлмади. Аксинча, келишиш ўрнига судлашувлар бошланиб кетди.
Унгача эса маҳалла фаоллари 2014 йил 9 октябрда йиғилиш ўтказиб, юқорида айтилганидек, А.Сатторовнинг ўғли Қобил Сатторов отаси олган 505 минг сўм қарзини ҳозирги кундаги нархда ҳисоблаб, 15 миллион сўм қилиб тўлаш, Т.Ҳасанов эса ер участкасини қайтариб беришга келишишган. Аммо Т.Ҳасанов маҳалла қарорига зид равишда шунча йилдан буён фойдаланиб келинаётган ер участкасини қайтаришни истамайди. Шундан сўнг икки оилани муросага келтириш учун шу йилнинг ўзида маҳалла фаоллари уч марта яраштирув қилган. Натижа ҳамон самарасиз. Хулоса эса суд томонидан масалага ойдинлик киритилишига келиб тақалмоқда.
Балки бу масала улар истагандек суд орқали адолатли ечимини топар, бироқ маҳалладошлар кейинчалик тўй-ҳашам, маърака-мажлисда бир-бирининг юзига қандай қарайди? Фарзандлару набираларга ота-бобонг қандай одам бўлган дейишса, нимани ўрнак қилиб кўрсатишади?
Яна бир жиҳат борки, яхшилик эвазига устама талаб қилиш судхўрликдан ўзга нарса эмас. Бу эса ҳам диний, ҳам дунёвий тарбиямизда қаттиқ қораланади. Фақат бир нарсани айтиш мумкин: тарих гувоҳ – бировнинг ҳақини еган киши бой бўлган ёки рўшнолик кўрган эмас.