Йил якунидаги сарҳисоб ва келгуси йил учун режалар
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг етмиш саккизинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессияни Кенгаш котибияти мудири З.Каримов бошқарди.
Дастлаб, вилоятда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан спортни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Ш.Рўзиевнинг ҳисоботи эшитилди.
Таъкидланишича, аҳоли ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш, истеъдодли спортчиларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида йил бошидан буён 1788 та оммавий спорт тадбирлари ўтказилди. Бу тадбирларда 257 мингдан ортиқ иштирокчи, жумладан, 114 минг нафар хотин-қизлар жалб қилинди. Айниқса, “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида икки мавсумда 7 ёшдан 30 ёшгача бўлган 670 мингдан ортиқ ёшлар спортнинг ўн тури бўйича ўзаро беллашди. Эътиборлиси, вилоятимиз ёшлари мусобақанинг республика босқичида ҳам совринли ўринларни қўлга киритди.
Ш.Рўзиев 2024 йил Париж шаҳрида бўлиб ўтадиган Олимпия ва паралимпия ўйинларига йўлланма олиш учун 27 нафар спортчи ўнта спорт тури бўйича мусобақаларда қатнашаётганини маълум қилди.
Шундан сўнг вилоят ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари А.Шукуров давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 10 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури ҳамда бошқа давлат дастурлари ижроси устидан назоратни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг ижроси юзасидан ҳисобот берди.
Ҳоким ўринбосарининг таъкидлашича, 2022 йилда вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси буюртмачилигида 119 та объектда қурилиш, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилди. 109 объектда қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилди. 10 та объектдаги ишлар 2023 йилда ҳам давом этади.
– Президентимизнинг 2022 йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан вилоятдаги 585 та маҳаллада амалга ошириладиган 588 та лойиҳанинг манзилли рўйхати тасдиқланди ва объектлар учун жами 394,9 миллиард сўм маблағлар ажратилиши режалаштирилган, – деди А.Шукуров. – Бугунги кунда 582 та объект бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, экспертиза хулосалари олинган, пудратчиларни танлаш бўйича электрон тендер савдоларига эълон берилган. 509 та объект пудратчилари аниқланиб, қурилиш-монтаж ишлари бошлаб юборилди. Шу пайтгача объектларга 60 миллиард сўм молиялаштирилди ва 64,9 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди.
“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 28 та қишлоқ ва 4 та маҳалла архитектура қиёфаси янгиланди ва ҳудудлари ободонлаштирилди. Жумладан, 14 та боғча, 11 та мактаб, 6 та тиббиёт муассасасида қурилиш, таъмирлаш ишлари бажарилди, 344,9 километр ички йўллар таъмирланди, 382,6 километр ичимлик сув ва оқава сув тармоқлари ҳамда 45 та иншоот қурилди. Дастурларда белгиланган ишлар деярли якунига етказилди. Фақатгина иккита объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳозир ҳам давом этмоқда.
Депутатлар қурилиш ишларида сифатнинг етарли даражада таъминланмаётгани, лойиҳаларнинг мукаммал эмаслиги ва пудратчиларнинг қонунга зид хатти-ҳаракатлари юзасидан эътироз билдириб, бу борада назоратни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
Сессияда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Д.Жуманиёзовнинг 2022 йил 5 май куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида тез тиббий ва шошилинч ёрдам хизмати фаолиятини такомиллаштириш юзасидан берилган топшириқлар ижроси юзасидан ҳисоботи ҳам эшитилди.
Бошқарма бошлиғининг маълум қилишича, Президентимизнинг 2022 йил 16 июндаги “Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Республика тез тиббий ёрдам маркази Самарқанд вилояти филиали ташкил этилди. Бошқарманинг ихтисослаштирилган автокорхонаси ва автохўжалигининг ходимлари, шунингдек Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази Самарқанд филиали ҳамда туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларидаги тез тиббий ёрдам хизмати ходимлари Республика тез тиббий ёрдам маркази Самарқанд вилояти филиалига ишга қабул қилинди.
Бирламчи тиббиёт муасссасаларида тез тиббий ёрдам хизматини йўлга қўйиш мақсадида вилоятда 16 та кўп тармоқли марказий ва 12 та оилавий поликлиникада туну-кун фаолият кўрсатувчи тез тиббий ёрдам шохобчалари ташкил этилди.
Тез тиббий ёрдам автомашиналарининг барчаси (316 та) GPS трекерлар билан жиҳозланди ва ягона UZGPS тизимига уланди. Битта чақириққа дори-дармон учун ажратилаётган маблағлар миқдори 500 сўмдан 8470 сўмга етказилди, дори-дармон турлари 20 тадан 45 тагача оширилди.
Кун тартибига кўра, сессияда “Uzbekistan Digital Inclusion” лойиҳаси концепциясини кўриб чиқиш тўғрисидаги, Булунғур, Нуробод, Паст Дарғом ва Пахтачи туманларининг айрим маҳалла фуқаролар йиғинларининг бош режа ва батафсил режалаштириш лойиҳаларини тасдиқлаш ҳақидаги, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкасини олиб қўйиш бўйича мулкдорлар билан очиқ муҳокама ўтказишга рухсат бериш тўғрисидаги масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Ахборот сиёсати ва маҳаллий давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссиясининг низоми, Кенгаш доимий комиссияларининг 2023 йилга мўлжалланган иш режалари, вилоят ҳокимининг 2022 йил 16 декабрдаги “Вилоят маҳаллий бюджетининг 2022 йил эркин қолдиқ ва даромадлар режасини орттириб бажарилган қисми ҳисобидан фойдаланиш тўғрисида”ги қарорлари тасдиқланди.
Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди.