«Йилнинг энг фаол журналисти» вилоят танловида қатнашинг!

Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими «Йилнинг энг фаол журналисти» анъанавий танловини эълон қилади.

Унда телевидение, радио, интернет ва босма нашрлар йўналишларидаги ижодий ишлар қабул қилинади.

Танлов талаблари қуйидагича:

- турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва демократик янгиланишлар жараёни, жумладан, коронавирус пандемияси ва фавқулодда ҳолатларда жамиятимизда одамларимиз томонидан намоён этилаётган фидойилик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик каби олижаноб фазилатлар тобора мустаҳкамланиб бораётгани, Ватан тақдири ва истиқболига дахлдорлик туйғуси маънавий ҳаётимизнинг узвий қисмига айланиб бораётгани ўз аксини топган бўлиши лозим.

– вилоятимизда амалга оширилаётган улкан яратувчанлик ишлари ҳамда йил дастурлари билан боғлиқ жараёнларни кенг ёритиб бориш;

– ёритилаётган мавзуга чуқур ёндашиш, ҳаққоний таҳлил қилиш, мустақил журналистик фикр юритиш, воқеа-ҳодисаларга холис фикр билдириш ва жамоатчилик фикрини уйғотишга интилиш;

– Ватан, халқ, жамият манфаатлари йўлида фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётган замондошларимиз сиймосини яратиш.

Қуйидаги ҳужжатларни юборишингиз талаб этилади:

муаллифнинг паспорти нусхаси;

муаллиф ва унинг профессионал фаолияти тўғрисида маълумотнома (объективка);

муаллифнинг ижодий ва ижтимоий фаолияти тўғрисида оммавий ахборот воситаси раҳбарининг тавсияномаси;

муаллифнинг манзили ва  алоқа телефонлари;

ижодий ишларининг сканер ва электрон нусхаси.

Танловга 2019 йил 1 июнидан 2020 йилнинг 1 июнига қадар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган ижодий ишлар жорий йилнинг 20 июнигача таҳририятлар тавсияси билан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлимига (+99893 339-99-84 телеграм рақамига) юборилиши лозим.

Ғолиблар 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни арафасида эълон қилинади. Улар вилоят ҳокимлиги ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлимининг диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланади.

Мурожаат учун манзил: Самарқанд шаҳри, Улуғ Турсунов кўчаси, 80-уй. Вилоят Матбуот уйи. Тел.: 233-91-69, 233-91-51.