Йўл қурилиши ва таъмирлашда қандай ўзгаришлар бор?
Вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси бошлиғи Аҳад Ўроқов вилоятимизда йўл қурилиши, кўприклар, “Ташаббусли бюджет” ва бошқа дастурлар асосида бажарилаётган таъмирлаш ишлари борасида маълумот берди.
Таъкидланишича, вилоят ҳудудини қарийб 22 минг километр узунликдаги автомобиль йўллари кесиб ўтган. Унинг 4097 километри умумий фойдаланишдаги йўллар бўлиб, 385 километри халқаро, 979 километр давлат, 2 733 километри эса маҳаллий аҳамиятга эга ҳисобланади. Ички хўжалик йўллари, шаҳар ва қишлоқларнинг кўчалари 17806 километрни ташкил этади.
Ўтган йили турли дастурлар асосида 1435,8 километр йўл, 28 та кўприк таъмирланиб, фойдаланишга топширилган. Жумладан, Инвестиция дастури асосида шаҳар кўчаларининг 51 километр қисмида таъмирлаш ишлари олиб борилган. Шунингдек, 298 та қишлоқда 319,5 километр ички йўл ва 6 та кўприкда тўлиқ таъмирлаш ишлари бажарилган. “Очиқ бюджет” лойиҳаси асосида 297,8 километр, "Обод хонадон", "Обод кўча" ва "Обод маҳалла" мезонлари асосида 4 та туманда 13,8 километр йўлга асфальт ётқизилган. Автомобиль йўлларида 3 мингдан зиёд нур қайтарувчи янги йўл белгилари ҳамда 10 дан зиёд светофор ўрнатилган.
Жорий йилда турли давлат дастурлари асосида 2199 километр йўл, 24 та кўприкни таъмирланади, - дейди Аҳад Ўроқов. – 33 километр пиёда ва велойўлаклар, 61,5 километр цемент-бетон йўллар қурилади. Хитойдан соатига 120 тонна асфальт ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган завод ишга тушади. Яна худди шундай 3 та лойиҳа бўйича ҳам музокаралар олиб борилмоқда.
Умуман, вилоят йўл инфратузилмасини яратиш учун кўп меҳнат қилинмоқда. Чунки ҳудудимизда меҳмон ва сайёҳлар ташриф буюрадиган зиёратгоҳ масканлар кўп. Улар ўтадиган халқаро магистраль йўлларида, шаҳар кўчалари ёқаларида яшил майдончалар ташкил этилиб, дунёнинг турли давлатларидан келтириб гул, дарахт ва бута кўчатлари экилган. Кўрган кўз қувонадиган даражада яшнаб турибди. Бироқ айрим фуқаролар томонидан мана шу яшилликни пайҳон қилиш ҳолатлари учрамоқда. Йўл ёқаларидаги нон, қовун-тарвуз сотувчилар минг азоб билан кўкартириб олинган гулзорларни йўқ қилмоқда. Бу борада назорат ўрнатилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Дилмурод Тўхтаев.