Ёлланма уста уй эгасининг мол-мулкини ўмариб кетди

Фаррух ўқиш ниятида Самарқанддаги олийгоҳлардан бирига ҳужжат топширди. Шаҳарга келиб ижарада яшай бошлайди. Тест имтиҳонларидан сўнг, ғалвир сувдан кўтарилгач, Фаррухнинг талаба бўла олмагани аён бўлди. Шу боис, доимги иши - устачилигини қилиб юрди.

Бир куни у ижара уй излаб юриб Содиқ бобога йўлиқди.

- Бобо, ижарага қўядиган бирор киши йўқми?  - деди.

- Студентмисан? – деди Содиқ бобо Фаррухнинг юзига тикилиб.

- Йўқ, йиқилдим, бир-икки ҳафтага жой керак эди.

- Мана меникида тур, кунлик тўлайсан, арзонгина, - деди бобо. Фаррухга маъқул келиб бу ерга жойлашди. Йигитнинг уйларни таъмирлайдиган усталиги бобога жуда ёқди.

- Бошқа жойдан иш излаб юрма, уйимни таъмирлаб бўлиб, қолган ишни бошлайвер. Нархини кейинроқ келишамиз, - деди у.

Фаррух ярим ойча ишлади. Энди уйга кетишни мўлжаллаб бобога кетиш ниятини билдирди.

- Иш ҳақимни берсангиз, уйга кетсам, - деди уй эгасига. Бобо Фарррухга 60 минг сўм узатди.

- Бу кам эмасми? – деди у. – Яна қўшинг.

- Шунча кун уйимда яшадинг, еб-ичдинг. Ўшаларга қайтардим. Истасанг шу ерда яшайвер, - деди бобо.

Фаррух бу йўсинда бободан пул олиб бўлмаслигини билгач, хийла ишлатди. Содиқ бобонинг қайтиб келишига ишонтирди. Унга тегишли тринажёр-велосипедини янгисини алмаштириб беришга ваъда берди. Шу билан бирга 450 минг сўм нафақа пулларини ҳамда Туркия давлатида ишлаб чиқарилган 8 дона кийим-кечакларини олди.

Кетадиган куни саҳар пайти бобо ухлаб ётганидан фойдаланиб кир ювиш машинасини олди ва уйни тарк этди.

Тошкентга кетадиган таксилардан бирига ўмарган нарсаларини жойлаб, кўздан ғойиб бўлди. Қўлга илинганларини сотиб, пулларини ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборди. Аммо, “Бузоқнинг югургани сомонхонагача”, деганларидек, Фаррух ҳам қилмишидан қочиб қутулолмади.

Суд ҳукми билан унга нисбатан 1 йилу 11 ой муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди. Шунингдек, жабрланувчига етказилган 3 миллион 110 минг сўм моддий зарар ундириб бериладиган бўлди.

Фарҳод Худойбердиев,

жиноят ишлари бўйича

Булунғур туман суди раиси.