Йўлларнинг эгаси борми?
Бундан 5-6 йил аввал Ургут туманининг Омонқўтон маҳалласига дафн маросимига бориш лозим бўлиб қолди. Самарқанд шаҳрининг Сўзангарон кўчасидан таксига ўтириб, Қашқадарёнинг Китоб тумани томонига ҳаракатлана бошладик.
Кўп ўтмай Ургут туманининг Баҳрин қишлоғига етиб бордик. Бирданига йўлнинг ўнг томонига жуда кўп одамлар гавжум турганини кўриб ҳайдовчи машинани бирдан секинлатди. Одатда шундай пайтда ҳар бир кишининг диққат-эътибори бу жойда қандай воқеа содир бўлгани қизиқтиради, албатта. Манзара жуда хунук ва ачинарли эди. Худду киноларда душманлар ишғол қилган шаҳарни эслатар эди. Ҳайдовчининг ранги бўздек оқариб кетди. Менинг сочларим этимга қўшилиб худди қумурсқалар кириб олгандек бўлди. Йўл четида қип-қизил помидорлар эзилиб ётар эди. Бир нечта яшикларни синиғи, челакларни пачоқ бўлганлигини, картошка ва олмаларни ҳар томонга сочилиб ётганини яна кимдир дод деяётгани ва яна кимдир бош эгиб йиғлаб турар эди. Хуллас, жуда ҳам ачинарли ҳолатни гувоҳи бўлдик.
Шўрлик ҳайдовчи шу жойга тўхташга ҳам журъат топа олмади. Йўл четида вақтинчалик бозорча очиб, савдо қилаётган аёлларнинг устидан Сурхондарёнинг енгил машинасида ҳайдовчи рулда ухлаб қолиб, чарчоқдан бошқарувни йўқотиб бир нечта аёлнинг умрига зомин бўлган экан. Ва яна бир нечтасига тан жароҳати етказган.
***
2007 йилда Самарқанддан Москвагача самолётда, Москвадан Воронежгача автобусда бордим. Қоронғу бўлгани учун йўлда туман ва қордан бўлак ҳеч нарса кўринмас эди.
2008 йилнинг охирида Воронеж шаҳридан то Лиски шаҳригача кундуз куни “Форд” микроавтобусида томоша қилиб келдим. Уларда ҳам йўлнинг четида туриб олиб мева, сабзавот, айниқса қайнатилган маккажўхори, қўлбола квас ва морс, оқ қайиннинг шифобахш суви сотиб турган аёлларни жуда кўп учратдим. Руслар ўз йўлига, биз, ўзбекларни йўл четида бозорча ташкил этиб, ҳар хил егулик сотгани яхши, албатта. Лекин масаланинг иккинчи томони бор. Йўлда ҳаракатланаётган ҳар қандай техникани тормозини ҳар доим бир хил ишлашига ёки бўлмаса ҳайдовчининг йўлда ухлаб қолмаслигига ким кафолат беради?
***
Яна бир масала - мардикор бозорлари. Бечора ҳайдовчилар мардикор бозоридан ўтишга қўрқади. Сал машинани секин ҳайдаса, мардикорлар машинанинг устига ҳам чиқиб олади. Айниқса, Самарқанд, Ургут, Тойлоқ туман йўлларида ушбу хунук ҳолат одатга айланган. Устига-устак, айниқса, трассаларга тиламчиларнинг кўпайганлиги жуда хунук ҳолат. Оғир юк машиналарини йўлига туриб олишади. Ҳайдовчиларга қийинлигидан одамни раҳми келади.
У ҳам майли. Нонсиз ҳеч биримиз бир кунимизни ҳам тассавур қила олмаймиз. Мисол учун, Тойлоқ туманинг марказий йўлини олайлик. Худога шукур, техника кўплигидан юришга йўл йўқ. Марказ йўлининг бир томонида нон сотиб турган аёл-қизларни кўриб раҳмим келади. Қани уларга ҳам нон сотиш учун йўлнинг хавфсиз жойидан расталар мавжуд бўлса-ю, нон керак бўлган одам машинасини тўхтатиб, бемалол бориб хоҳлаган нонини харид қилса...
Юртимиз ривожланмоқда. Самарқанд туризм шаҳри бўлгани учун нафақат шаҳарда, балки қишлоқларда ҳам чет эл фуқароларини учратмоқдамиз. Мақсад шуки, улар бизнинг устимиздан кулмасин. Аксинча, бизга ҳавас қилсин. Ҳайдовчилар йўлларда хотиржам юрсин. Йўловчиларга ҳам соғ-саломат уйига бориш насиб қилсин. Ҳамманинг йўли бехатар бўлиб халқимиз маданиятли бўлиб, юртимиз ривожлансин.
Юсуф Ахмедов,
Тойлоқ тумани 13-мактаб тарғиботчиси.