Ён қўшнинг – жон қўшнинг!

Абдувоҳид ЖУМАБОЕВ, СамДУ профессори:

- Президентимизнинг Тожикистон Республикасига расмий сафари жуда самарали бўлди. Сафар давомида имзоланган 30 дан зиёд ҳужжатлар орасида мутахассис сифатида эътиборимни тортгани – бу Зарафшон дарёси ҳавзасида гидроэлектр станциялар қуриш бўйича ҳукуматлар ўртасидаги битим бўлди.

Табиийки, охирги 4 йилдан зиёд даврда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар катта энергия ресурсларини талаб қилмоқда. Шу энергияни олишда 85 фоиз табиий газ ва бошқа ёқилғиларни ишлатамиз. Афсуски, бизда мазкур ресурслар захираси чекланган.

Шунинг учун, гидро ва альтернатив энергетикани ривожлантириш масаласини замоннинг ўзи тақозо этмоқда. Мамлакатмизда гидроэнергетикани ривожлантириш бўйича катта дастур қабул қилинган, бу бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Аммо республикамиз гидроресурсларга бой эмас ва бундай ресурсларга бой бўлган қўшни Тожикистон ва Қирғизистон республикалари билан ҳамкорлик қилиш, янги гидроэнергетика қувватларини ишга тушириш ниҳоятда долзарб масала.

Ана шундай ечимга дастлабки қадам Тожикистонда қўйилди. Жумладан, икки томонлама келишувга мувофиқ, икки босқичда ишга тушириладиган гидроэлектр станцияларининг умумий қуввати 275 мегаватт бўлиб, уларда 1,4 миллиард киловатт соат энергия ишлаб чиқарилади. Бу энергиянинг асосий истеъмолчиси - Ўзбекистон.

Бу хайрли ишлардан хулоса қилиш мумкинки, ён қўшнилар билан яхши муносабат, дўстлик, биродарлик, ўзаро ҳамкорлик ҳар икки тарафлама манфаат келтиради. Халқимиз бекорга айтмайди: Ён қўшнинг – жон қўшнинг!