Ёр Муҳаммаднинг “Мангуликнинг 30 лаҳзаси” китоби тақдимоти бўлиб ўтди
А.С.Пушкин номидаги Самарқанд вилоят кутубхона марказида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб “Турон нашр” нашриёти томонидан чоп этилган, шоир Ёр Муҳаммад қаламига мансуб “Мангуликнинг 30 лаҳзаси” номли янги китоб тақдимотига бағишланган адабий учрашув бўлиб ўтди.
Унда самарқандлик таниқли шоир, ёзувчи, адабиётшунос олимлар, СамДУ филология факультети талабалари, мактабларда фаолият кўрсатаётган маънавий-маданий ишлар бўйича тарғиботчилар, ижодкор ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, вилоят телерадиокомпанияси, “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари ҳамда мазкур кутубхона маъмурияти томонидан ташкил этилган тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Нусрат Раҳмат, филология фанлари номзодлари Толиб Жўраев, Жумагул Сувонова, ёзувчи ва шоирлар Рустам Қурбонов, Ойгул Маматова, Зуҳра Эшонқулова, Мамаризо Абдураҳмонов ва бошқалар адабиёт, хусусан, шеъриятнинг инсон камолотида тутган ўрни, Ёр Муҳаммад ижодининг ўзига хос жиҳатлари ва шоирнинг янги китобига киритилган асарлари ҳақида тўхталди.
– Ёр Муҳаммад ижоди билан у ҳали талабалик давридаёқ танишган эдим, - деди ёзувчи Нусрат Раҳмат. – Шундан буён унинг ижодини кузатиб бораман. Шоир сўзнинг бетакрор қудратини юракдан ҳис қила олади, ўз устида тинимсиз ишлайди ва бунинг натижасида эса ҳар бир шеъри пишиқ-пухталиги, тасвирнинг тиниқлиги ва юксак бадиий савияси билан ўқувчи қалбида муҳрланиб қолади.
Тадбирда шоир Ёр Муҳаммад ўзининг Ватан, она, ёшлик, меҳр-муҳаббат ва мустақилликни мадҳ этувчи янги шеърларидан намуналар ўқиди.
Дилбар РУСТАМОВА.