Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ёш болали ота-онага маслаҳатлар

Ҳар бир ота-она фарзандининг маънавиятли бўлишини истайди. Маънавиятли бўлиш – комилликка интилишдир. Комилликка интилиш эса  мустақил, эркин фикр юритишдан бошланади.

Боланинг дунёқараши дастлаб оилада шаклланади.

Айтишларича, Наполеонни болалигида: — Жаноб, туринг, сизни буюк ишлар кутяпти! — деб уйғотишар экан. Бу нимани англатади: Бола гўдаклигидан келгусида қандай буюк ишлар қилиши кераклигини билиб улғайиши керак. Ота-она боласига қараб, унинг рисоладагидек вояга етишини, касби-корга эга бўлиб, ўзига ва бошқаларга фойдаси тегадиган инсон бўлишини орзу қилади. Лекин бу эзгу ният амалга ошиши учун уни гўдаклигидан бошлаб, токи ақлини танигунча нималарга эътибор бериш кераклиги ҳақида барча ота-она ҳам етарли бош қотирмайди.

Бола руҳиятини ўрганган тадқиқотчилар, унга катталар томонидан айтиладиган “қилма”, “тегма” каби даъватлар миясининг тормозланишига олиб келишини таъкидлашади. Болага ман этишдан кўра, унга бирор ишни қилмаслик ёки бирор нарсага тегмасликни тушунтиришга ҳаракат қилиш ижобий натижа бераркан. Масалан, иссиқ чойнакка қўл чўзган гўдакнинг бармоқлари чойнакка тегишига қўйиб берилса, у иккинчи бор бу ишни такрорламайди. Агар ҳаракатига тўсқинлик қилинса, бола катталар кўзини шамғалат қилиб бўлса ҳам, пайтини  пойлаб  ўзини чойнакка уради. Куйиш ҳолатлари кўпинча шу туфайли содир бўларкан.

Японларда бешикдаги чақалоққа китоб ўқиб бериш одати бор. Кунчиқар юрт болаларининг китобга иштиёқи баландлиги сабаби шундан эмасмикан?

Бола ёшлигидан фикрини эркин ифода этишни ўрганса, катта бўлганида тортинчоқ бўлмайди. Тили чиқиши билан бола тинимсиз гапиришни истайди. Унинг “бидирлашини” табиий эҳтиёж сифатида баҳолаш керак.  Шу орқали у талаффуз қилишни ўрганади, нутқ машқлари орқали сўз бойлигини ошириб боради. Бундай вақтда ундан кўп гапирмаслигини талаб этиш, фақат нутқи ривожланишига салбий таъсир этмай, бора-бора “ичимдагини топ” тоифасидаги одамга айланишига сабаб бўлади.

Боланинг дунёқарашини оширишга эҳтиёж уйғотадиган вақт мактабга қадам қўйгунча бўлган даври ҳисобланади. Президентимиз бежизга 3-7 ёшли болаларни мактабгача таълим муассасаларига тўлиқ қамраб олиш масаласини долзарб қилиб қўймаган. Лекин боланинг туғилганидан 3 ёшгача бўлган даврида ота-она унга тегишли методик тарбияни бериши лозим. Бунинг учун ота-она шу ёшдаги болани тарбиялаш учун нималар қилиши зарурлигини ўзи яхши билиб олиши керак. Бунинг учун тажрибали педагогларнинг бола тарбиясига оид китобларини варақлаб чиқиш талаб этилади. Бу китобларни дўконлардан топиш мумкин. Ёки интернет сайтларига кириб бола тарбияси ҳақидаги мақолаларни ўқиш орқали яхшигина малака орттирса бўлади.

Боламизни ўзимиз орзу қилган инсон бўлиб вояга етишини истасак, уни гўдаклигиданоқ тегишли фойдали кўникмаларга эга бўлишига эришишимиз лозим.

Хуршид НУРУЛЛАЕВ