Ёш қутқарувчилар тайёрланмоқда
Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасида ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида, мард ва жасур қилиб тарбиялаш, уларда эл-юрт тақдирига дахлдорлик ҳиссини шакллантириш маысадида 5 кунлик ўқув-курси ўтказилди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Бошланғич тайёргарлик ва малака ошириш маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган курсда Самарқанд шаҳри, Жомбой, Паст Дарғом ҳамда Самарқанд туманидан 18 нафар ёш иштирок этди.
— Болаликдан шу соҳада ишлашни орзу қилганман, курс ҳақида эшитиб, биринчилардан бўлиб рўйхатдан ўтдим, - дейди пастдарғомлик Азамат Зиёвуддинов. – Ўқув-йиғини беш кун давом этган бўлса-да, жуда кўп нарсаларни ўргандик. Хусусан, бугун тез-тез содир бўлаётган ис газидан заҳарланиш, ёнғинларнинг олдини олиш бўйича ҳам назарий, ҳам амалий билим ҳосил қилдик. Қутқарувчиларнинг кун тартиби, вазифа ва мажбуриятларини ўргандик. Айтишим мумкинки, ўқиш жараёнида менинг қарорим янада қатъийлашди.
Курснинг мақсади Фавқулодда вазиятлар вазирлигига бириктирилган ёшларни жойларда турли хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларида фаол иштирок этишини таъминлашдир.
Бундан ташқари, уларга фавқулодда вазиятлар шароитида ўзига ва бошқаларга биринчи ёрдам кўрсатиш, фавқулодда вазият хавфи туғилганида ва содир бўлганида ҳаракат қилиш, жамоавий ва шахсий муҳофаза воситаларидан фойдаланиш қоидалари ва тартиби ҳам ўргатилди.
— Энди ёш қутқарувчиларимиз ўз маҳалласи ва туманида тарғибот ишларини олиб бориши, яқинлари ва дўстларига ўзи эгаллаган кўникмаларни ўргатиши керак, - дейди вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати бошлиғи Илҳом Боқиев. – Ўқув-курслари тизимда кадрлар захирасини яратиш ҳамда иқтидорли ёшларни соҳага жалб қилиш мақсадида тизимли равишда ўтказилади. Ўз навбатида, ҳудудлардаги тарғибот тадбирларида фаоллик кўрсатган ёш тингловчилар хизматга жалб қилинади.
Ўқув-курсини муваффақиятли якунлаган тингловчиларга "Фавқулодда вазиятлар профилактикаси тарғиботчиси" сертификати, Ёшлар иттифоқига аъзолик кўкрак белгиси ҳамда китоблар тўплами берилди.