Ёш тадбиркорни ҳоким қўллайди
Тумандаги ижтимоий-иқтисодиёт ва педагогика касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Назокат Турсунова ҳам оилавий анъанани давом эттириб, қандолатчиликни ривожлантириш ниятида. Аммо бироз маблағ етишмаяпти. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ташкил этилган ҳоким ва ёш фермерлар учрашувида у ўзининг режалари ва ишлаб чиқариш фаолияти ҳақида мутасаддиларга айтди. Унинг таклифи ўрганилиб, бизнесини йўлга қўйиб олиши учун Халқ банкининг Пайшанба филиалидан 7 миллион сўм миқдорида кредит ажратиладиган бўлди.
"Ёшлар – келажак бунёдкори" шиори остида ташкил этилган учрашувда тумандаги фермерлар, ҳунармандлар, тадбиркорларнинг инновацион кўргазмаси бўлиб ўтди. Учрашувда ёш тадбиркорлар, коллеж битирувчилари ва бошқа таклиф этилганлар ўз бизнес-режалари ва уни амалга оширишда қийинчилик туғдираётган масалалар юзасидан ёрдам сўраб мурожаат қилдилар.
– Бир неча йилдан буён уйимда тикувчилик билан шуғулланаман, аммо энди тикувчилик қилишим учун уйим кичиклик қиляпти, – дейди Тарнов маҳалласида яшовчи Ойдиннисо Муродова. – Шу боис бўш турган бино ажратиб беришларини сўраб мурожаат қилгандим. Бу ижобий ҳал этилди.
Тадбирда иштирок этган 500 нафарга яқин ёшларнинг кўпчилиги ўз фикрларини баён этди. Уларнинг саволларига туман ҳокими А.Баҳромов жавоб қайтарди ва айтилган муаммоларнинг аксарияти ижобий ечим топди.
Шундай тадбир Нуробод туманида ҳам бўлиб ўтди.
Ўз мухбиримиз.