Ёшлар етакчилари ишончни қай даражада оқлаяпти?
Маҳаллаларда ёшлар етакчиси вазифаси жорий этилганига ҳам бир йил бўлди. Шу вақт мобайнида вилоятимизнинг турли ҳудудларида фаолият кўрсатиб келаётган етакчилар самарали ишлади, аммо аксарияти ўз вазифасига сидиқидилдан ёндашиб иш юритяпти, деб бўлмайди.
Яқинда олис ҳудудда эмас, Самарқанд шаҳрида яшовчи ёшлар учун яратилган шароитлар, улар ўртасида ўтказилаётган тадбирлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари учун кўрсатилаётган моддий ва маънавий ёрдам билан танишиш мақсадида Қавола маҳалласида бўлдик. Дастлаб шу ҳудудда жойлашган 75-умумий ўрта таълим мактабининг юқори синф ўқувчилари билан учрашдик. Суҳбат давомида уларнинг аксарияти ёшлар етакчисини танимаслиги маълум бўлди.
Шундан сўнг маҳалла ёшлар етакчиси Жўрабек Алиевнинг иш жараёни билан яқиндан танишишга ҳаракат қилдик.
- 2022 йил январь ойида иш бошлагандим, - дейди у. – Бир йил давомида маҳалламизда ёшлар орасида биронта ҳам жиноят қайд этилмагани ютуғимиз. Аммо ўтказилган “Беш муҳим ташаббус” олимпиадаси доирасидаги танлов ва мусобақаларнинг икки мавсумида ҳам маҳалламиз ёшлари ўрин ололмагани ачинарлидир.
Биз маҳалладаги ёрдамга муҳтож ёшларнинг қай даражада қўллаб-қувватланаётгани билан қизиқдик.
- Маҳалламизда ўтган йил давомида 29 нафар йигит-қиз “Ёшлар дафтари”га киритилди, - деди Ж.Алиев. – Уларнинг 23 нафарига ёрдам кўрсатилиб, “дафтар”дан чиқарилди. Қолган 6 нафар ёшнинг 3 нафари “Келажак касблари” лойиҳаси асосида тайёрлов марказида, 1 нафари “Мономарказ”да ўқияпти. Икки нафари субсидия асосида ускуналар олиш арафасида турибди. Тез кунда улар ҳам “дафтар”дан чиқарилади.
Маҳалла ёшлар етакчисининг айтишича, 2022 йилда “Ёшлар дафтари”га киритилиб, субсидия асосида ускунага эга бўлган ёшлар орасида Фирдавс Жалолов бор. Берилган пайвандлаш ускунасидан бу йигит қай даражада фойдаланаётгани билан ҳам қизиқдик. Аммо етакчи негадир бизни Фирдавс билан учраштиргиси келмай тикув машинаси олган ёшнинг фаолияти билан танишишга таклиф қилди. Афсуски, уни ҳам тополмадик. Сўнгра пайвандлаш ускунаси олган йигит билан телефон орқали бўлса ҳам боғланишимиз кераклигини айтдик. Етакчи Фирдавс билан эмас, унинг акаси билан боғлай олди, холос.
- Укам Москвада, - деди Савлат Жалолов. – Ўтган йилими, шу йилими, субсидия асосида пайвандлаш ускунасини олган эди. Декабрь ойида қариндошларимиз таклифи билан Россияга кетди, 25 январгача қайтади.
Ёшлар етакчисининг эса Фирдавс ҳорижга кетганидан хабари йўқ экан. Биз 25 январь куни Савлат Жалолов билан боғланганимизда совуқ об-ҳаво сабабли укаси ҳали Ўзбекистонга қайтмаганлигини маълум қилди. Кейин у билан телеграм орқали бўлса ҳам боғланишга ҳаракат қилдик.
- Ўтган йили пайвандлаш ускунаси олганим рост, - деди Фирдавс. – Бу ускунани қўни-қўшниларнинг у-бу иши чиқиб қолса ишлатаман. Аммо ҳар йили қишда уч ой хорижда ишлаб қайтаман.
Маҳалла ёшлар етакчиси эса биз билан суҳбатда берилган ҳар бир ускунанинг ишлатилиши қатъий назоратга олингани, акс ҳолда ижтимоий ёрдамга муҳтож ёшларнинг шароитини яхшилаб бўлмаслиги ҳақида гапирганди. Шунингдек, у хорижга кетган ҳар бир ёш билан ижтимоий тармоқлар орқали боғланиб туришини ҳам таъкидлаганди.
Келажак ёшлар қўлида. Давлатимиз раҳбари ҳам, халқимиз ҳам уларга ишонади. Ҳамма гап улар бу ишончни қай даражада оқлашида.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ,
Жасурбек ШУКУРОВ.