"Ёшлар фестивали" бу йил нимаси билан ёшларга фойдали бўлади?
Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида ўтказилган йиғилишда асосан анъанавий тарзда ташкил этиб келинаётган фестивалнинг шу жиҳатларига эътибор қаратилди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳусан Тўхтаев бошқарган йиғилишда дастлаб шу йилнинг 10-29 июнь кунлари вилоятимизда "Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!" шиори остида ўтказилиши белгиланган ёшлар фестивали доирасидаги тадбирлар тўғрисида маълумот берилди.
Таъкидландики, “Июнь – ёшлар ойлиги” доирасида ушбу фестивални юқори савияда ўтказиш, жумладан, секторлар кесимида спорт мусобақалари, муваффақиятга эришган ёш тадбиркорлар билан м учрашувлар, интеллектуал ўйинлар, ҳарбий-ватанпарварлик лойиҳалари, таниқли санъаткорлар иштирокида гала-концерт дастурлари, кам таъминланган оила фарзандларининг туристик марказларга саёҳатлари, ёшлар учун меҳнат ярмаркалари бўлиб ўтади.
- Бу йилги фестиваль ёшларга фойда бериши жиҳатидан аввалгиларидан фарқ қилиши керак, - деди Ҳ.Тўхтаев. – Аввало, тадбирларга шу пайтгача эътибордан четда қолган ёшларни кўпроқ таклиф қилиш зарур. Фестиваль доирасида ёшларнинг чет тилларига бўлган қизиқишларини ошириш, касб-ҳунарга ўргатиш ва китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида “Ибрат фарзандлари”, “Мутолаа”, “Устоз” каби тарғибот лойиҳаларини самарали ташкил этиш лозим. Шунингдек, олис туманларнинг чекка қишлоқларида номдор спортчи, сиёсатчи, шоир ва ёзувчилар билан суҳбатлар ташкил этилиши мақсадга мувофиқ.
Йиғилишда ёшлар томонидан замонавий мусобақа саналган киберспорт, уларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида “Менинг қонуним – менинг тақдирим” кўрик-танловини ташкил этиш таклифи билдирилди. Бу ҳамда бошқа барча спорт ва маданий тадбирларни сифатли ташкил этиш учун масъулларга аниқ вазифалар берилди.