Ёшлар – келажак. Келажак эса қуёшни етаклаб келаётган тонг. Ёшларни руҳан чўктириш – ўз томирига болта уриш ёки оппоқ тонгга тош отиш билан баробар

Ушбу бетакрор фалсафий фикрлар кўпчилик қалбида абадий қолган навоийшунос олим, етук шоир, аллома Воҳид Абдуллаевга тегишли.

Воҳид Абдуллаев 1912 йил 15 майда Самарқанд шаҳрида таваллуд топди. Фарғона давлат педагогика институтида, сўнгра Москвада ва Тошкентда аспирантурада таҳсил олди.

1935-1943 йилларда Бухоро ва Самарқанддаги педагогика институтларида кафедра мудири бўлиб ишлади. 1944 йилдан 1963 йилгача ва 1970 йилдан 1985 йилгача Самарқанд давлат университети ўзбек адабиёти кафедрасининг доценти, мудири бўлиб ишлади. 1963-1970 йилларда университет ректори бўлди.

1941 йил фанда биринчи бўлиб “Алишер Навоийнинг Самарқанддаги ҳаёти ва фаолияти” мавзусида номзодлик диссертациясини ёқлади. “Алишер Навоий Самарқандда”, “Ўзбек адабиёти тарихи”, “Асрлар нафаси”, “Мирий ва унинг замондошлари” (Б.Валихўжаев билан ҳамкорликда) каби асарлар ва 250 дан ортиқ илмий ва илмий-оммабоп мақолалар эълон қилди.

Истеъдодли шоир, насрнавис сифатида “Самарқанд сайли”, “Бедор қўшиқлар” шеърий тўпламлари, “Янгилик ярашади”, “Мададкор эшелон” каби рисола ва ҳужжатли қиссаларини ҳам мерос қолдирди.

Вафотидан сўнг Самарқандда “Воҳид Абдуллаевич Абдуллаев” (1987), “Эзгулик умр мазмуни” (1992), Тошкентда “Адабиёт илмининг алломаси” хотира асарлари чоп қилинди, мактабларга, кўчаларга унинг номи берилди.

Воҳид Абдулла 1985 йилда вафот этди.