“Ёшлар овози – 2022” кўрик-танлови вилоят босқичи бўлиб ўтди

Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси томонидан "Беш ташаббус олимпиадаси" доирасида “Ёшлар овози – 2022” кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди.
Унда туман босқичида ғолиб бўлган 127 нафар ёшлар иштирок этди.
Танлов 3 ёш тоифасида, тўртта йўналиш – опера, бахшичилик, анъанавий ижро ҳамда эстрада йўналиши бўйича бўлиб ўтди.
- Опера йўналиши бўйича қатнашяпман, - дейди танлов иштирокчиси Малика Акмалжонова. – Бугун танловнинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритдим. Ишонаманки, бу танлов санъатда кўплаб ёш истеъдодларни кашф қилади.
Танловнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида иштирокчиларни баҳолаш учун соҳанинг таниқли мутахассислари ва профессор-ўқитувчилар жалб қилинди. Иштирокчиларнинг барчаси тингланди ва ҳар бир қатнашчи истеъдодига қараб баҳоланди.
Танлов натижасига кўра, 32 та иштирокчи фахрли ўринларни эгаллади. 1-ўринни қўлга киритган 10 нафар истеъдод эгалари Қорақалпоғистон Республикасининг Бўзатов туманида бўлиб ўтадиган республика босқичи йўлланмасига эга бўлди.