Ёшлар парламенти қандай ташкил этилди? Мақсад ва вазифалари нималардан иборат?

Шу ва бошқа саволларга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги “Ёшлар парламенти” комиссияси раиси Абдулла Аслановнинг жавоблари

 – “Ёшлар парламенти”нинг ташкил қилиниши бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги Фармони билан тасдиқланган Давлат дастурининг 21-банди ижросини таъминлаш билан боғлиқ. Давлат дастурида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ҳар иккалла палатаси ҳузурида Ёшлар парламентларини ташкил этиш ва уларнинг таркибларини шакллантириш тартибини белгилаш назарда тутилган эди. Кенг муҳокамалар ва хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, 29 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ўртасида Қонунчилик палатаси ҳузурида “Ёшлар парламенти”ни ташкил этиш бўйича битим имзоланди. Мазкур битим билан “Ёшлар парламенти” республика комиссияси, Низоми, Регламенти ва ташкилий тузилмаси тасдиқланди.

Парламентнинг тузилши ва фаолиятининг шакли жиҳатдан Қонунчилик палатасига мос равишда шакллантирилган. Бу эса ўз навбатида, ёшларнинг парламент фаолиятини яқиндан билишига хизмат қилади. Мазкур парламентнинг Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда тузилганлиги эса, қонун ижодкорлиги жараёнига қўпроқ ёшларни жалб қилиш имкониятини беради.

Ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий онги ва саводхонлигини ошириш, жамиятда ёшларни сиёсий фаол қатламга айлантириш ҳамда уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билим ва кўникмаларини амалда бойитиш, қонунчилик ва қонун ижодкорлиги жараёнига ёшларни жалб қилиш ва қабул қилинаётган қонунларни ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш орқали уларнинг парламент ҳаётига дахлдорлигини ошириш “Ёшлар парламенти”нинг асосий мақсади этиб белгиланди.

 Ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш; қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг долзарб муаммоларини ёшлар иштирокида муҳокама қилиш ва уларни бартараф этишга қаратилган таклифлар тайёрлаш; қонунчилик техникаси, қонун лойиҳаларини юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш қоидалари, ҳуқуқ ижодкорлиги масалалари бўйича амалий муҳокамаларни ташкил этиш; ёшларнинг сиёсий билимларини ошириш, уларда ватанпарварлик руҳини кучайтиришда вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш каби муҳим вазифалар ҳам Низом билан тасдиқланди.

 – “Ёшлар парламенти” ўзига юклатилган мақсад ва вазифаларни амалга оширишда қандай ҳуқуқларга таянади? Яъни уларга қандай ҳуқуқлар берилган?

– Юқорида белгиланган мақсад ва вазифаларни бажаришда “Ёшлар парламенти”га кенг ҳуқуқ ва имкониятлар берилган бўлиб, улар қуйидагилардан иборат: 

Давлат ҳокимияти органларидан, давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, таълим ва илмий муассасалардан, бошқа ташкилотлардан “Ёшлар парламенти”нинг ваколатларига киритилган масалаларни тайёрлаш учун зарур бўлган ҳужжатлар, материаллар ва маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси билан келишган ҳолда сўраш ҳамда олиш;

Таълим ва илмий муассасаларнинг, марказларнинг, ҳуқуқни қўлловчи органларнинг электрон маълумотлар базаларидан (банкларидан), ахборот-кутубхона ресурсларидан белгиланган тартибда фойдаланиш;

Қонунлар лойиҳалари юзасидан таклифлар тайёрлаш, тадбирлар ўтказиш ҳамда “Ёшлар парламенти”нинг ваколатига кирувчи бошқа вазифаларни амалга ошириш учун олимлар, мутахассислар орасидан ишчи гуруҳлар ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг, улар кенгашининг, қўмиталари ва комиссияларининг, депутатлар бирлашмаларининг мажлисларида иштирок этиш;

Тегишли халқаро ва хорижий ташкилотлар билан белгиланган тартибда ўзаро тажриба ва ахборот алмашишни амалга ошириш.

 – “Ёшлар парламенти”да сайлаш ва сайланиш ҳамда муддатлари қандай тартибга солинади?

– “Ёшлар парламенти”га сайловни ташкил этиш ва ўтказиш учун Республика комиссияси томонидан сайловга камида ўн беш кун қолганида Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги барча туман (шаҳар)ларда туман (шаҳар) комиссияси тузилади.

“Ёшлар парламенти”га 18-30 ёшдаги Ўзбекистон фуқароси 2 йил муддатга сайланади (муомалага лаёқатли бўлмаганлар, жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётганлар мустасно). “Ёшлар парламенти”га аъзоларни сайлаш учун ҳудудий комиссиялар ташкил этилади. Комиссия 2 босқичда сайлов жараёнларини ташкил қилади.

Биринчи босқичда номзодлар ўзининг сайловолди дастури тақдимоти билан туман (шаҳар) комиссиясида иштирок этади.

Биринчи босқич якуни бўйича комиссия 5 нафар номзодни (ҳар бир сиёсий партия бир нафардан) яширин овоз бериш йўли билан сайлайди.

Иккинчи босқичда номзодлар сайловолди дастури тақдимоти билан тегишли туман (шаҳар) халқ депутатлари Кенгашида иштирок этади. Тегишли туман (шаҳар) халқ депутатлари Кенгаши 1 нафар номзодни яширин овоз бериш йўли орқали сайлайди.

 “Ёшлар парламенти” аъзоларига қандай мақом берилади? Ёшлар парламенти кимга ҳисоб беради?

– “Ёшлар парламенти” ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, тегишли сиёсий партиялар ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқига ҳисобдор бўлиб, “Ёшлар парламенти”нинг аъзоси парламентнинг ваколатлари муддатига жамоатчилик асосида сайланади. 

“Ёшлар парламенти” аъзосига комиссия томонидан гувоҳнома ва кўкрак нишони берилади.

                 Ёшлар парламенти”нинг фаолияти қандай ташкил қилинади?

– “Ёшлар парламенти” фаолиятининг ташкилий шакли унинг қоида тариқасида, йилига камида икки марта ўтказиладиган ялпи мажлисларидир. Бу мажлислар очиқ ва ошкора ўтказилади.

“Ёшлар парламенти” ёшларга нима беради? Уларнинг келажакдаги фаолиятига ўзининг қандай ижобий таъсирини кўрсатади?

– Энг аввало, бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирок этиш имкониятини беради. Яъни бу жараёнда ёшларга уларнинг ҳаётига таалуқли масалаларда Қонунчилик палатасига таклиф киритиш ҳуқуқи берилган.

Шунингдек, Низомда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси томонидан “Ёшлар парламенти” аъзоларига давлат органлари, корхона, муассаса ва ташкилотларга ишга қабул қилинишлари жараёнида тавсифномалар берилиши белгиланган. Бу эса ўз навбатида ёшларга ҳар томонлама катта ишонч ҳиссини беради.